Бекмуродов Ўзбекистонга Украина тақдирини эслатган россиялик сенаторга жавоб қайтарди
Жамият
−
27 Сентябрь
48729
Аввалроқ, Россия парламенти юқори палатаси – Федерация кенгашининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Андрей Климов Украинага шама қилиб, Ўзбекистонга унинг тақдирини эслатганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов россиялик сенаторнинг бу шамасига жавоб қайтарди.
Депутат Ўзбекистон ва Россия – мустаҳкам иттифоқчилик муносабатлари билан боғланган икки катта давлат эканини, ички масалалар, айниқса, маиший ҳолатлар икки давлат ўртасидаги катта дипломатик даражага олиб чиқишнинг ўзи хато эканини таъкидлаган.
“Ўзбекистонда ҳукумат ва фуқаролик жамияти ҳар қандай зўравонлик ҳолатларига тезкор муносабат қилади. Бундай ҳолатларда биз хорижий маслаҳатчиларга муҳтож эмасмиз.
P.s.: Климов Андрей, компас олиб, шамаларингиз билан тўрт томонга йўл олишингиз мумкин”, деб ёзади Бекмуродов.
Ўзи нима бўлган эди?
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Чилонзор туманидаги 188-сонли умумтаълим мактабида 6-синфда рус тили фани дарсида ўқитувчи Р.О.га ўқувчи Э.Г. гап қайтарган ва тортишиб қолган.
Сўнгра ўқитувчи Р.О. ўқувчи Э.Г.ни қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Мазкур воқеа видеоси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Ўзбекистонда юз берган ҳодисага ҳуқуқий баҳо беришни ва болага нисбатан шафқатсизлик қилган айбдорга қарши чоралар кўришни сўраб, мазкур масалани диққат-эътибор марказида тутишини билдирди.
Россиянинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, чет элдаги ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича федерал агентлиги (Россотрудничество) эса расмийлардан Тошкентдаги мактабда ўқувчини урган ўқитувчининг Россия Федерациясига киришини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқишни сўради.
Шундан сўнг, бир қатор ўзбекистонлик расмийлар, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа ва Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасановлар Мария Захарованинг талабига муносабат билдириб, Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмасликни, уни мамлакатнинг ўзи ўз қонунлари доирасида ҳал қилишини айтди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ижодий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо эса Мария Захарова бу гаплари учун Ўзбекистондан кечирим сўрашини, Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳурматсизлик учун тушунтириш беришини талаб қилди.
Бунга жавобан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадовга умумий фуқаролик ва дипломатик одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилишга қаратилган тақдимнома киритди.
Кеча, 26 сентябрь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Суҳбат давомида давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиши муҳимлиги таъкидланди.
LiveБарчаси