БМТ Россияга қарши муҳим ҳужжатни қабул қилиши кутилмоқда

Олам

image

Бугун, 2 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Украинага ҳарбий ҳужумини қораловчи резолюция лойиҳасига овоз беради. Дунёнинг 90 давлати томонидан қўллаб-қувватланган ҳужжат 193 давлат вакиллари иштирокидаги йиғилиш муҳокамасига қўйилади. 

Ҳужжат матнида Россия Қуролли кучларининг Украинадаги ҳаракатлари кескин қораланади. 

Унда, Россия қўшинларини Украина ҳудудидан зудлик билан ва сўзсиз олиб чиқиб кетиш талаби бор. Резолюцияда Украина суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига эътибор қаратилган. 

Ҳужжат муаллифлари Россиянинг Украинага қарши БМТ Низоми иккинчи моддаси 4-бандини бузган агрессив ҳаракатларини кескин қоралайди. 

Унда айтилишича, Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиши керак. Москва “Украина ҳудудини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз тарк этишга” чақирилади. 

Ҳужжатда келтирилишича, Россиянинг 21 февралдаги Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олиш ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас. 

“Россия бу қарорни дарҳол ва сўзсиз бекор қилиши керак”, дейилади унда.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг