БМТ Рафаҳга ҳужумни муҳокама қилмоқчи
Олам
−
28 Май
2178Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши бугун, 28 май куни Исроил мудофаа қўшинларининг Рафаҳдаги чодир лагерига уюштирган зарбаси ва ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлгани муносабати билан фавқулодда йиғилиш ўтказади.
Учрашув ёпиқ маслаҳатлашувлар форматида ўтказилади. У Жазоирнинг илтимосига биноан ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Исроилнинг Рафаҳга ҳужумини қоралаганди.
27 майга ўтар кечаси Исроил ҳарбийлари Рафаҳга зарба берди. Тал ас-Султон ҳудудидаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишлар агентлигининг Яқин Шарқдаги омбори ёнида ўрнатилган чодир лагерига камида саккизта ракета билан ҳужум қилинди.
Чодирлар шаҳарчасида ёнғин содир бўлди. Фаластиннинг WAFA агентлиги тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлган, қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати Бош штабнинг фактларни аниқлаш аппарати Рафаҳ ҳужуми ҳудудида тинч аҳолининг ўлими ҳолатларини текширишни бошлаганини маълум қилди.
24 май куни Халқаро жиноий суд Жанубий Африканинг даъвосига жавобан қарор қабул қилди, унга кўра Исроил Рафаҳдаги ҳужумни ва шаҳар аҳолисига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни тўхтатиши керак. Суд, шунингдек, Исроил томонини Фаластин аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун Рафаҳ назорат пунктини очиқ қолдиришга мажбур қилди.