БМТ Бош котиби Рамазон ойида Ғазода ўт очишни тўхтатишга чақирди
Олам
−
12 Март
2472БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Рамазон ойи бошланиши муносабати билан Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 11 март куни Нью-Йоркдаги БМТ штаб-квартирасида ўтказилган брифингда сўз очди.
Унинг айтишича, Рамазон бошланишига қарамай, Ғазода қотилликлар, портлашлар ва қирғинлар давом этмоқда. Бош котиб Рамазон “тинчлик, муроса ва ҳамжиҳатлик қадриятлари” рамзи эканини урғулаган.
“Бугун мен Рамазон қадриятига мувофиқ қуроллардан воз кечишга ва ҳаётни сақлаб қолиш учун зарур бўлган ёрдамни тез етказиб бериш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлашга қаттиқ чақираман. Ҳозир бутун дунёнинг, тарихнинг нигоҳи бизда. Биз юз ўгира олмаймиз. Ўлим ҳолатларининг олдини олиш учун чора кўришимиз керак”, дейди Гутерриш.
Бош котибнинг таъкидлашича, Ғазо секторига жуда кам гуманитар ёрдам етиб келяпти. У Ғазода халқаро инсонпарварлик қонунлари бузилганини айтди. Жаҳон ташкилоти раҳбари Исроилнинг эксклав жанубидаги Рафаҳ шаҳрига қуруқликдаги ҳужуми “ғазоликларни дўзах доирасига янада чуқурроқ олиб кириши” ҳақида огоҳлантирди.
Эслатиб ўтамиз, 10 март куни Фаластин анклавининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошланганидан бери ҳалок бўлган фаластинликлар сони 31 мингдан ошгани, 72,6 мингдан ортиқ киши жароҳат олганини маълум қилганди.
LiveБарчаси