Блогер Хайрулла Шокиров фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди
Жамият
−
29 Декабрь 2025 7232 1 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Хайрулла Шокиров номи билан машҳур бўлган блогер жуда кўп миқдорда фирибгарлик содир этганликда айбланиб, қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Келтирилишича, 1986 йилда туғилган Хайрулла Убайдуллаевич Шокиров Instagram, Telegram ҳамда YouTube ижтимоий тармоқларидаги “Xayrullo Shokirov” номли профил орқали ўзини йирик дистрибьютор ва тадбиркор сифатида таништириб келган. У гўёки чет элдан катта миқдорда анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб кириб, уларни Ўзбекистон ҳудудидаги савдо нуқталарига етказиб бериш ваколатига эга эканлиги ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган.
Фуқароларга дистрибьюторлик орқали топган даромадидан катта фоизларни ваъда қилиб, алдаш йўли билан уларнинг ишончига кириб, жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган.
Хайрулла Шокиров Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик, жуда кўп миқдорда содир этилиши”) билан жиноят иши билан терговга жалб этилган бўлиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кадастр ходими 5 минг доллар пора билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси