Бизнес-омбудсман Юнусободдаги “дод-вой”лар бўйича ўрганиш бошлади

Жамият 8837
image

Тошкентнинг Юнусобод туманида суд қарорисиз бузилиши бошланган иншоотлар Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман Матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ, QALAMPIR.UZ’да “Юнусободнинг янги ҳокими ишни “снос”дан бошлади...ми?” номли журналистик суриштирув эълон қилинганди. Унда 2018 йилнинг 24 август куни Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов туманнинг Мойқўрғон кўчаси 6-уй олдида Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси томонидан тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида 0,20 гектарли (чегара режасига асосан) “ASIA GAMMA LINE” МЧЖга болалар боғи ташкил қилиш ва унинг таркибида енгил турдаги ойнаванд кўринишдаги савдо дўкони, умумий овқатланиш шохобчаси ва хизмат кўрсатиш масканларини ўрнатишга рухсат бериш ҳақидаги қарорни имзолагани, тадбиркорлар эса шу қарор асосида қурилиш ишларини олиб боргани, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари аллақачон иш бошлаб, орадан вақт ўтгач, жорий йилнинг 25 январь куни иншоотларни бузишга киришилгани, “снос” жараёнида прокуратура, ҳокимлик вакиллари томонидан ҳеч қандай огоҳлантириш хати ёки суд қарори тақдим этилмагани ёзилган эди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, Юнусободда тадбиркорлар фаолиятига бу тарзда тўсқинлик қилиш ва бир неча сонида йиллар давомидаги меҳнати эвазига қурган биносининг кунини кўкка совуриш биринчи марта учраётгани йўқ. 2021 йилнинг сентябрь ойида содир бўлган ҳолат, унинг ортидан ўзига берилган ҳайфсандан хулоса қилмаган, ҳаётий дарс олмаган прокуратура ходими Умид Азизов галдаги “снос”да ҳам бош-қош ва бу сафар ҳам тадбиркорларга бузиш ҳақида ҳеч қандай расмий ҳужжатни тақдим этмаган. Атрофни ўраб олган ҳуқуқ-тартибот органи – ички ишлар ходимлари ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқлари топталаётган жойда уларни ҳимоя қилмай, аксинча, топшириққа кўра, куч ишлатиб, қарши чиққанларни машинага солиб, идорага олиб кетган. Қизиғи шундаки, сентябрда рўй берган воқеада Умид Азизов қаторида ички ишлар ходимлари ҳам бўлган ва уларга нисбатан хизмат текшируви тайинланганди. Орадан 4 ойдан ортиқ муддат ўтди ҳамки, текширув натижалари эълон қилингани йўқ. 

Мазкур ҳолат тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлди. Қолаверса, жамоатчилик томонидан ҳам кенг муҳокама қилинди. Ҳолат бугун, 28 январь куни Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олингани ҳақида расмий баёнот берилди.

“Мазкур мурожаат Бизнес-омбудсман томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш учун қабул қилиниб, ҳолатга аниқлик киритилмоқда”, дейилади расмий хабарда.

Юнусобод тумани 6-мавзеда бўлган бузилишдан азият чеккан тадбиркорлар фарёди ва ҳокимлик вакилининг изоҳини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube канали, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Феруза Нажмиддинова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 158
Рейтинг: 3
t
×