Биз фақат ўзимизни ўйлаганимиз учун фуқароларимиз муҳожирлик азобини тортяпти – Имомали Раҳмон
Олам
−
28 Декабрь 2023
15690Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон хориждаги тожик муҳожирлари ўлимидан хавотир билдирди. Бу ҳақда у бугун, 28 декабрь куни мамлакат парламентидаги йиллик мурожаатида гапириб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳар йили тожикистонлик муҳожирларнинг юзлаб жасадлари ватанига келтирилади. У аниқ статистик маълумотларни келтирмаган.
“Мен хориждаги муҳожирларнинг турмуш шароитини яхши биламан. Биз уялмаймизми? Нафақат эркаклар, минглаб тожикистонлик аёллар миграцияда. Бизда ғурур борми? Ҳар йили фарзандлари учун рўзғор тебратиш мақсадида мамлакат ташқарисига чиққан юздан ортиқ тожикистонлик муҳожирларнинг жасади ватанига олиб келинмоқда. Чунки биз, раҳбарият юқоридан пастгача фақат ўзимизни ўйлаймиз!” дейди Президент.
Тожикистон ҳукумати жорий йилда бир неча бор расмий даражада ўз фуқароларининг оммавий ҳибсга олинишидан хавотир билдирган. Жорий йилнинг май ойида Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Рамазон Раҳимзода россиялик мавқедоши Владимир Колоколцевдан тожикистонлик талабаларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан калтакланиши ишини назоратга олишни сўраган эди. Кейинроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григоревни чақириб, унга тожик фуқароларининг оммавий ҳибсга олинишидан хавотир билдирган.
Имомали Раҳмон вақти-вақти билан Россия расмийлари билан учрашувлар чоғида Тожикистон фуқароларига миграция амнистияси жорий этилишини ва қонунийлаштириш тартиб-қоидаларини соддалаштиришни сўрайди.
LiveБарчаси