“Биринчи вазифамиз — хавфсиз эвакуация”. G7 етакчилари Афғонистондаги вазият бўйича баёнот қабул қилди
Олам
−
25 Август 2021
3500Кеча, 24 август куни “Катта еттилик” (G7) мамлакатлари раҳбарларининг Афғонистондаги вазиятга бағишланган онлайн учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув сўнгида баёнот қабул қилинди.
Таъкидланишича, G7 етакчилари Афғонистондаги вазиятдан жиддий хавотир билдирган. Улар инсон ҳуқуқлари мажбуриятлари, шу жумладан аёллар, қизлар ва ҳимоясиз гуруҳлар ҳуқуқларини ҳар қандай шароитда бажаришга чақирган.
“Афғонистон бошқа ҳеч қачон террор маконига ёки бошқалар учун террорчилик ҳужумлар манбаига айланмаслиги керак. Ҳамкорлар, хусусан НАТО иттифоқчилари билан биргаликда, терроризмга қарши курашни қатъият ва бирдамлик билан давом эттирамиз. Ҳар қандай бўлажак Афғонистон ҳукумати Афғонистоннинг терроризмдан ҳимоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажариши шарт. Барча афғонларнинг, айниқса аёллар, болалар, этник ва диний озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини қўллаб-қувватлаш, гуманитар ёрдамнинг киришига тўсқинликсиз ва шартсиз рухсат бериш ҳамда одамлар ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши самарали курашиш лозим”, дейилган хабарда.
“Катта еттилик” Афғонистоннинг қўшни давлатлари билан афғон қочқинларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорлик қилиш ниятини билдирган.
“Бизнинг биринчи устувор вазифамиз — фуқароларимизни ва биз билан ҳамкорлик қилган ҳамда ўтган йигирма йил мобайнида бизнинг саъй-ҳаракатларимизга ёрдам берган афғонларни хавфсиз эвакуация қилишни таъминлаш”, дейилган хабарда.
Қайд этилишича, Афғонистоннинг янги ҳукуматига сўз билан эмас, балки амал билан баҳо берилади.
“Биз “Толибон” терроризмнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар, қизлар ва озчиликлар ҳуқуқлари соҳасидаги ҳаракатлари учун жавоб бериши кераклигини тасдиқлаймиз”, деган “Катта еттилик” раҳбарлари.
Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон G7 мамлакатлари раҳбарлари “Толибон” билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун йўл харитасини келишиб олганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, “Катта еттилик”нинг биринчи шарти — Афғонистонни 31 августгача ҳам, ўша кундан кейин ҳам хавфсиз тарзда тарк этишга “Толибон”нинг кафолат беришидир.
Аввалроқ, “Толибон” АҚШ қўшинларининг икки томонлама шартномаларда белгиланган муддат — 31 августдан кейин ҳам Афғонистонда қолишини “истилонинг давоми”, деб ҳисоблашини маълум қилганди.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси