Биландан Ольгагача… “Яланғоч” базм меҳмонлари узр сўрашда давом этяпти
Маданият-санъат
−
28 Декабрь 2023
25346Видеоблогер Настя Ивлеева томонидан ташкил қилинган "яланғоч" базмга борган яна икки хонанда – Дима Билан ва Ольга Орлова ушбу кечада қатнашгани учун мухлисларидан узр сўради. Улар бу ҳақдаги видеосини тармоқларга жойлади.
Гап шундаки, кўплаб таниқли санъаткорлар жорий йилнинг 20 декабрь куни россиялик таниқли шахслар йиғилган базмга деярли яланғоч ҳолда ташриф буюрган ва суратларга тушган. Ушбу фотолар эса тармоқларда эълон қилинган.
Шундан сўнг, базмнинг баъзи фото ва видео материалларида ЛГБТ ташвиқоти аломатлари борлиги сабаб контентлар блокланган. Кечада иштирок этган санъаткорлар эса жамоатчиликдан кечирим сўрашни бошлаб юборишди.
Россиянинг таниқли хонандаси Билан ҳам шулар жумласидандир. Унинг сўзларига кўра, қўшиқчи ўз ташвишлари билан кетаётиб, бирровга зиёфатга қадам ранжида қилган.
“Менинг кечага киришим шунчаки қисқа муддатли ва таклифга ҳурмат юзасидан эди. Мен кийиниш талаби ҳақида билардим, аммо бу борада ҳар кимнинг ўзига хос тушунчаси бор. Менинг фикримча, у “водолазка”, катта плаш, шим ва этиклардан иборат”, дейди у.
Хонанданинг сўзларига кўра, у санъат кўргазмасига ташриф буюрган ва зиёфатга киргандагина қаердалигини тушунган.
“Шунинг учун мен ушбу воқеадан ҳеч қандай фотосурат ёки видеони ижтимоий тармоқларимда жойлаштирмадим ва бир неча дақиқадан сўнг у ерни тарк этдим”, дея тушунтирган Дима.
У ўз томошабинлари ва ватандошларини ҳурмат қилишини ҳам қўшимча қилган.
“Халқимизнинг, ҳатто фронтда бизни ҳимоя қилаётган йигитларимизнинг ғазабини жуда яхши тушунаман. Ҳозир мамлакатимиздаги вазият қандай эканини биламан. Лекин мен баъзиларнинг ҳаммани "бир қайиқда сузгани" ҳақидаги гапларига умуман қўшилмайман. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради", деди у.
Шунингдек, телебошловчи ва қўшиқчи Ольга Орлова ҳам “яланғоч” зиёфатда қатнашиши хато бўлганини тан олди ва обуначиларидан узр сўради.
"Ҳаммамиз хато қиламиз. Ва, эҳтимол, бир неча марта адашамиз. Тан оламан, бу жуда кўп бўлди, хулосалар чиқарилди. Биз ўз устимизда ишлашда давом этамиз", деб ёзди хонанда.
Маълумот учун, зиёфат ташкилотчилари меҳмонлардан деярли яланғоч келишларини сўраган. Тадбирда Ксения Собчак, Лолита Милявская, Жиган, Оксана Самойлова, Анна Асти, Дима Билан, Глюкоза ва бошқа машҳурлар иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу зиёфатдан сўнг, Виталий Бородин Филипп Киркоровни 2018 йилда олган Россия Федерацияси халқ артисти унвонидан маҳрум қилишга чақирди. У Маданият вазирлигига бу борада мурожаат йўллади. Давлат Думаси депутати Александр Шолохов эса ушбу таклифни қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг хонанда тармоққа ушбу иши хато бўлгани ҳақида гапирган видеосини жойлади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набираси Марям Тилляева россиялик телебошловчи, киноактриса ва видеоблогер Настя Ивлеева томонидан ташкил қилинган машҳурларнинг "яланғоч" базмига борганидан афсусда эканини маълум қилди. Cўнгра, россиялик яна бир таниқли хонанда Лолита Милявская “яланғоч” базмдан сўнг, зиёфатда қатнашган санъаткорларга чекловлар бўлаётгани, жумладан, унинг концертларини бекор қилиш талаб қилинаётганини айтди.
LiveБарчаси