Бешта давлат икки исроиллик вазирга санкция киритди
Олам
−
11 Июнь 4936 2 дақиқа
Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия Исроил Молия вазири Бецалел Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда кеча, 10 июнь куни халқаро ахборот агентликлари хабар берди.
Бунга сабаб сифатида “Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликка ундаш” кўрсатилган.
“Биз исроилликлар ва фаластинликларнинг хавфсизлиги ва қадр-қимматини кафолатлаш ва минтақада узоқ муддатли барқарорликни таъминлашнинг ягона йўли бўлган икки давлат ечимига содиқмиз, аммо у экстремистик кўчманчилар зўравонлиги ва аҳоли пунктларининг кенгайиши таҳдиди остида”, дейилади Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида эълон қилинган қўшма баёнотда.
Қайд этилишича, Итамар Бен-Гвир ва Бецалел Смотрич фаластинликларга қарши экстремистик зўравонлик ва жиддий инсон ҳуқуқлари бузилишига ундаган.
“Фаластинликларни мажбуран кўчириш ва Исроилнинг янги аҳоли пунктлари барпо этишни тарғиб қилувчи экстремистик риторика жирканч ва хавфлидир. Бу ҳаракатлар қабул қилиниши мумкин эмас”, дейилади қўшма баёнотда.
Юқоридаги давлатлар Исроил ҳукуматини “халқаро ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва экстремистик, зўравонлик ва экспансионистик риторикага барҳам бериш учун муҳим чоралар кўришга” чақирмоқда.
Шу билан бирга, баёнотда Буюк Британия, Австралия, Канада, Янги Зеландия ва Норвегия “Исроил хавфсизлигини сўзсиз қўллаб-қувватлаш”ни изҳор этишда давом этиши ҳамда 2023 йил 7 октябрь куни ҲАМАС ҳаракати томонидан Исроилга қарши содир этилган ҳужумни қоралаши таъкидланади.
Бошқа нарсалар қаторида, давлатлар Ғазо секторидаги тинч аҳолининг азобланиши масаласини кўтариб, Ғазо секторида ёки Ғарбий Соҳилда фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига, шунингдек, Ғазо сектори ҳудудини қисқартиришга йўл қўйилмаслигини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокурори Карим Хон маъмурий таътилга чиқишидан олдин Исроил Молия вазири Бецалел Смотрич ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвирни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўрамоқчи бўлгани хабар қилинганди. Шундан сўнг Итамар Бен-Гвир Халқаро жиноий суд (ХЖC) томонидан ҳибсга олиниши мумкинлигидан қўрқмаслигини айтди.
Live
Барчаси