Беларусда умуммиллий иш ташлаш бошланади – Тихановская
Олам
−
26 Октябрь 2020
6545Мухолифат Беларусда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолиб деб билган Светлана Тихановская мамлакатда 26 октябрь куни умуммиллий иш ташлаш бошланишини эълон қилди.
Унинг сўзларига кўра, расмийлар "Халқ ультиматуми куни"да одамларнинг талабларини бажармаган.
"26 октябрь куни бутун мамлакат бўйлаб иш ташлаш бошланади. Беларуслар бу қадамни қўйишади, чунки уларнинг сўзлари қонун. Бунда бизнинг асосий тинч қуролимиз - ҳамжиҳатлик ёрдам беради”, деган Тихановская.
Тихановская нафақат ишга чиқмасликка, балки йўлларни тўсишга, давлат дўконларида харидлар амалга оширмасликка, давлат хизматлари ва сервисларидан фойдаланмасликка чақирган.
Тихановская Беларусдаги намойишларда довдиратувчи гранаталардан фойдаланилганини айтмоқда. Унинг фикрига кўра, “бу режим ҳақиқатни гапиришга, сўзлари учун жавобгар бўлишга ва одамларнинг талабларини бажаришга тайёр эмаслигини” англатади.
Маълумот учун, кеча, 25 октябрь куни "ультиматум" муддати тугагани муносабати билан Минск ва Беларуснинг бошқа шаҳарларида Президентлик сайловлари натижаларига қаршиларнинг норозилик намойиши бўлиб ўтди. 100 мингдан ортиқ одам пойтахт кўчаларига чиқди.
Аввалроқ Тихановская Беларуснинг амалдаги раҳбариятига бир нечта талаб қўйганди. Уларга кўра, Президент Александр Лукашенко истеъфога кетиши, барча сиёсий маҳкумлар озод қилиниши ва куч тузилмалари зўравонликлари тўхтатилиши керак.
Ушбу талабларни бажаришга 25 октябргача муҳлат берилган. Тихановская таъкидлаганидек, агар бу юз бермаса, 26 октябрдан оммавий иш ташлашлар ва йўлларнинг тўсилиши бошланади.
LiveБарчаси