Бельгия пойтахтида юзлаб афғонистонликлар намойишга чиқди (видео)

Олам 10729
image

Бугун, 18 август куни юзлаб афғонистонликлар Бельгиянинг пойтахти Брюссель марказида Афғонистонда бўлаётган воқеаларга эътиборни қаратиш, шунингдек, афғон қочқинлари муаммосини эълон қилиш учун митингга чиқди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.

Маълум қилинишича, акция Европа Иттифоқининг асосий институтлари жойлашган Шуман майдонида бўлиб ўтмоқда.

“Президент Ашраф Ғани бизга қайтарилишини истаймиз”, дейди Афғонистон Ислом Республикаси байроғини кўтариб олган йигит.

Афғонистоннинг собиқ Президенти Ғанининг ўзи эса Қобул “Толибон” қўлига ўтгач, мамлакатдан қочиб кетди. Айни вақтда у Бирлашган Араб Амирликларида бошпана топган.

Брюсселдаги намойишчилар “Толибон” Афғонистондаги дунёвий давлатни бир кеча-кундузда дафн қилиши ҳамда АҚШ ва НАТО иштирокидаги сўнгги 20 йиллик уруш беҳуда кетишини айтмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 август куни “Толибон” ҳаракати Афғонистон пойтахти Қобул шаҳрини жангсиз эгаллади. Мамлакат Президенти Ашраф Ғани ўша куни истеъфога чиққанини эълон қилди. У ўзининг ушбу қарорини мамлакат бўйлаб қон тўкилишининг олдини олиш, дея изоҳлаган.

Қайд этиш керакки, ҳокимиятга толиблар келганидан кейинги дастлабки кунларда Қобул аэропортида тартибсизлик ҳукм сурди: одамлар дипломатик ходимларни мамлакатдан олиб кетаётган хорижий самолётларга ҳужум қилди. Кейинчалик маълум бўлишича, бир неча киши самолёт бортидан йиқилиб вафот этган. Шундай бўлса-да, мамлакат пойтахти секин-аста аввалги ҳаётга қайтаётгани айтилмоқда. Шу билан бирга “Толибон” Афғонистон фуқароларидан барча қурол-яроғ ва ўқдориларни топширишни сўраган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 322
Рейтинг: 2.9
t
×