Бедарак йўқолган икки альпинистнинг жасади 34 йилдан сўнг топилди
Олам
−
10:30 2573 1 дақиқа
Швейцария Альп тоғларида 34 йил аввал бедарак йўқолган икки белгиялик альпинистнинг жасади топилди. Уларнинг қолдиқлари музликнинг эриши сабабли юзага чиқиб қолган. Бу ҳақда “CBS News” хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 26 июль куни Швейцариянинг Италия чегараси яқинидаги Вале кантонида жойлашган Трифт музлигида сайёҳ икки кишининг жасадини топган.
Қолдиқлар идентификация қилиш учун Сион шаҳридаги Вале касалхонасининг суд-тиббиёт институтига юборилган.
ДНК таҳлили натижасида жасадлар 1992 йилда Вайсмиc ҳудудида бедарак йўқолган икки альпинистга тегишли экани тасдиқланган. Улар ғойиб бўлган пайтда 39 ва 41 ёшда бўлган.
Полиция маълумотларига кўра, Вале кантони 1925 йилдан буён бедарак йўқолган шахслар рўйхатини юритиб келади. Уларнинг аксарияти баланд тоғлар ва дарёлар ҳудудида бедарак йўқолган.
Музликларнинг чекиниши сабабли ўнлаб йиллар аввал тоғларда йўқолган одамларнинг жасадлари ва қолдиқлари вақти-вақти билан муз остидан чиқиб қолмоқда.
Мутахассислар музликларнинг эриши натижасида илгари муз остида қолиб кетган жасадлар тобора кўпроқ юзага чиқаётганини қайд этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дунёнинг энг машҳур альпинистларидан бири, дунёдаги энг баланд 14 та тоғни забт этиш бўйича рекорди билан кўпчиликка танилган Нирмал Пуржа қор кўчкиси оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси