Байрутда ҳукуматга қарши норозилик намойиши бўлиб ўтди (видео)
Олам
−
22 Март 2023
6224Бугун, 22 март куни Ливан пойтахти Байрутда ишчиларнинг ижтимоий аҳволи ёмонлашгани сабабли оммавий норозилик намойиши бўлиб ўтди. Риада Сольҳа майдонига йиғилган фуқаролар “Серай” ҳукумат саройини эгаллаб олишга уринди.
Намойишчиларга қарши кўзни ёшлантирувчи газ қўллаган полиция кучлари уларни тўсиб қўйди, оқибатда фаолларнинг бир қисми яраланди.
“Касаба уюшмалари чақириғи билан майдонга минглаб одамлар келди. Ливанликлар миллий валютанинг қулаши туфайли мисли кўрилмаган даражада ғазабда. Ҳукумат вазиятни яхшилаш учун ҳеч нарса қилмаяпти, шунинг учун халқ ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кўчага чиқди”, дейди намойишчилардан бири, муҳандис Ҳусайн Ҳаммуд.
Ливан ўқитувчилари касаба уюшмаси раҳбари Муҳаммад Қосим эса намойишчилар ҳукуматдан иш ҳақи ва меҳнат пенсияларини зудлик билан индексация қилишни талаб қилишини таъкидлаган. У аҳолининг 70 фоиздан ортиғи зўрға кун кечираётган бир шароитда фуқароларнинг бундай талаби қонуний ва мантиқий эканини айтган.
“Аммо биз ҳокимиятдаги Вазирлар Маҳкамаси меҳнаткашларни эмас, балки мавжуд коррупцион тизимни ҳимоя қилиб, бизга қарши куч ишлатаётганини кўрмоқдамиз. Ливан иқтисодиёти кўз ўнгимизда таназзулга юз тутмоқда, қашшоқлик ва ишсизлик ортиб бормоқда, мамлакатга тартибсизлик таҳдид солмоқда. Ҳозирги шароитда фуқаролар ташаббус кўрсатиши ва банкрот бўлган ҳукуматни олиб ташлашга интилиши керак, шунинг учун норозилик ва иш ташлаш ҳаракати кучаймоқда”, деган Муҳаммад Қосим.
Маълумот учун, 2022 йилда инфляция даражаси бўйича Ливан (162,4%) дунёда Зимбабведан (280,4%) кейин иккинчи ўринни эгаллади. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ливандаги ижтимоий-иқтисодий инқироз XIX аср ўрталаридан буён дунёда кузатилган энг ҳалокатли инқирозга айланган. ЯИМнинг пасайиши 2020 йилда 20,3 фоизни, 2021 йилда 10,5 фоизни, 2022 йилда 5,4 фоизни ташкил этган. Жорий йилнинг 21 март куни Ливан фунт стерлинги курси рекорд даражада қадрсизланган. Унинг 1 доллар учун қиймати 100 000 дан 120 000 фунтгача тушган. 2019 йил октябрь ойидан буён доллар Ливан фунтига нисбатан 80 марта қимматлашган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15