Байрам байрамдек бўлсин! Айрим “стаж”и бор журналистлар моддий рағбатлантирилади
Жамият
−
27 Июнь 2022
5824Энди оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларини хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, журналистика соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини амалиёт билан интеграция қилиш, кадрларнинг малакасини ошириш ва журналистларнинг хорижий тилларни ўрганишини рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларида журналистика йўналиши бўйича таълим берадиган профессор-ўқитувчиларнинг муаллифлик кўрсатув ва эшиттиришлари ҳамда йирик таҳлилий мақолалари уларни моддий рағбатлантириш нуқтаи назаридан илмий мақолага тенглаштирилади.
Оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, матбаа корхоналари ва ахборот хизматларида камида беш йил ишлаган ҳамда ушбу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларида дарс бераётган, Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига эга бўлган шахслар меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларига кўра профессор ва доцент илмий унвонига эга бўлган шахсларга тенглаштирилади.
Шунингдек, олий таълим муассасалари ректорларига журналистика соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш жараёнига оммавий ахборот воситаларининг таниқли ва тажрибали ходимларини, соҳанинг етук мутахассисларини жалб қилиш ва улар меҳнатини олий таълим муассасасининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча рағбатлантириш ҳуқуқи берилади.
Журналистика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасалари кафедраларининг ихтисослаштирилган бўлимлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида камида бир йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган журналистлар ва таҳририят ходимларининг хорижий тилларга ўқитиш бўйича ўқув курсларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади. Бунда, улар хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши ҳамда нодавлат таълим ташкилотида ўқиш билан боғлиқ ҳақиқий харажатларни исботловчи ҳужжатларни тақдим этиши лозим.
Хорижий тиллар бўйича В2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ компенсация қилинади. Бунда, ушбу “д” кичик бандда белгиланган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.