1,8 млрд сўмлик наркотик, Дубайда умрбод қамалган 8 ўзбек ва Россиядан таҳдидлар – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
25 Январь 1378 16 дақиқа
Фуқаро уйидан 1,8 млрд сўмга тенг бўлган наркотик моддалар топилди. Дубайда 8 та ўзбекистонлик бир умрга қамалди. Рус пропагандистлари яна Ўзбекистон мустақиллигини тан олмаслигини айтиб чиқди. Андижонда катта миқдордаги пулларни талон-тарож қилишда айбланиб, 7 йилга қамалган собиқ амалдорнинг жазоси енгиллаштирилиб, у озодликка чиқди. Руслан Чагаев Валуевга зарба берди, бу сафар гап билан! Ўзбекистонда яна бир журналист қамалди, 2 таси қўлга олинди
Халқимиз креатив. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳлар бўлимини бир марта бўлса ҳам ўқиган бўлсангиз буни жуда яхши биласиз. Ноодатий гаплар, ғалати таърифлар, хуллас фантазиялар жуда эркин қўйиб юборилган. Ҳатто бу жиҳат жиноят оламини ҳам четлаб ўтмаган. Номларни эшитинг. “Шайтон”, “Мулла”, “Жомми Даритал”, “Малиш” ва “Расул қилич”. Эшитаётганларингиз алоҳида танланган лақаблар. Уни ўзини “кўча” деб билувчи шахслар ё ўзи танлаб олган, ёки гумашталари улардаги қайсидир хислатлар сабаб шундай атаган. Биз эса бу номларнинг айримларини шу ҳафта эълон қилинган жиноятлар тафсилоти орқали билиб олдик.
“Жомми Даритал” лақаби билан танилган 30 ёшли фуқаро шахсий ўлчовларига кўра ўзини Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудининг эгаси деб билган. Ўтган-кетганларни йўлини тўсиб, уриб, пулларини олиш унинг асосий иши бўлган. Шундай қилмишларидан бири натижасида у қўлга олинди.
Яна бир ҳолат қаҳрамони эса Боғот туманида яшовчи, “Малиш”. Аввал ҳам безорилиги учун судланган 29 ёшли фуқаро спортнинг бокс тури билан шуғулланиб келаётганини катта рингларда эмас, дўстининг уйида кўрсатиб қўймоқчи бўлган. У ўзидан 1 ёш кичик танишининг уйига бостириб кириб, ўзаро тортишувни муштлашувга айлантирган.
“Расул қилич” лақабли киракашлик билан шуғулланувчи хивалик фуқаро эса ўзига таниш ҳайдовчини таъқиб қилиб, катта йўлнинг ўртасида машинани тўхтатиб, уни дўппослаган. Бу вақтда можарони ажратиш учун келган эркакни ҳам калтакланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондорлар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Ўзи умуман, бу ҳафтада жиноят қилган ёки анчадан бери қилиб келаётганларнинг анчаси ушланди. Гарчи ўтган йиллардагидек “долзарб 40 кунлик” эълон қилинмаган бўлса-да, ДХХ ва ИИВ ходимлари томонидан вилоятлар миқёсида ҳам катта-кичик тадбирлар ташкил этилди.
Натижада Сергели ҳамда Чилонзор туманларида ўқотар қуроллар, ов қуроллари ва ўқдориларни хонадонида сақлаб келаётган ҳамда бошқаларга сотишга уринганлар аниқланди. Мирзо Улуғбек туманида эса 4 нафар шахс 2 нафар фуқарони уриб, уларнинг 500 АҚШ долларини тортиб олган.
Сирдарёда эса нарколаборатория ташкил этган 24 ёшли “кимёгар” ушлангани маълум қилинди. У телеграм каналлари орқали ўз маҳсулотларини сотган, ҳатто етказиб бериш хизматини ҳам йўлга қўйган. Унинг “ишхонасидан” 1,8 млрд сўмга тенг бўлган моддалар топилган.
“Ўхх-ўў, намунча бу ҳафта жиноятлар кўп” деган фикр хаёлингизга келгандир, эҳтимол. Ёдингизда бўлса, ДХХ раиси наркожиноятлар сони ҳам, бу жиноятни қилаётганлар ҳам 2 бараварга ортганини маълум қилган эди. Жорий йил 13-январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишида сўз олган генерал-полковник Баҳодир Қурбонов ёшлар жинояти ҳақида ҳам маълумот берган эди.
“Синтетик воситалар вояга етмаганлар, айниқса, 14-25 ёшдагилар орасида оммалашмоқда. Хавотирлиси, организмда унга нисбатан қарамлик истеъмолдан сўнг қисқа муддатга вужудга келади”, дейди ДХХ раиси.
Ёдингизда бўлса, Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилнинг 26 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномасида бундан буён ҳам мамлакатда ўзини қонундан устун қўйган, тадбиркорларга босим қилиб, уларнинг бизнесини эгаллаб олишга ҳаракат қилаётган жиноий тўдаларнинг фаолиятига нуқта қўйишга давлатнинг куч-қудрати етишини айтганди. Жиноятга қарши кураш 2026 йилда ҳам фаол давом эттирилиб, нафақат мамлакат ичидаги, балки хориждаги жиноий гуруҳлар билан ҳам жиддий шуғулланилиши маълум қилинди
Дубайда 6 нафар Ўзбекистон фуқаро ўлимга ҳукм қилиндими?
2025 йил Дубайда 2 нафар ўзбекистонлик ўлимига сабаб бўлган жанжални эсласангиз керак. БАА нинг энг номдор шаҳрида ўзбеклардан иборат икки жиноий гуруҳнинг тўқнашуви пичоқбозлик билан якунланган эди. Бунинг оқибатида 15 нафар паспортида Ўзбекистон фуқароси экани ёзиб қўйилган шахслар ҳибсга олинди.
Жорий йилнинг 22 январь куни эса БАА ОАВлари мазкур иш судда кўриб чиқилгани ва 6 нафар ўзбекистонлик ўлимга ҳукм қилингани ҳақида маълумот берди. Ўзбекистонда шов-шувга сабаб бўлган бу вазият юзасидан QALAMPIR.UZ Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхонов билан боғланди. У эса ўлим ҳукми ҳақидаги хабарни рад этиб, 8 нафар Ўзбекистон фуқароларига умрбод ва 1 нафар шахсга 25 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганини маълум қилди.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда тегишли идоралар ва дипломатик ваколатхоналар томонидан вазиятни тўлиқ ўрганиш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда.
“Катта холасини уйимидики, бунақа иш қилади”, деган ҳамюртларимиз кўп бўлди. Ростдан ҳам сўнгги пайтларда Ўзбекистон имиджига салбий таъсир қиладиган ҳаракатларни қилаётган, биз “ватандошим” дейишга мажбур бўлган шахсларнинг қилиқлари кўпайган. Бири Умра зиёратини қилиш учун борган манзилида дарахтга чиқиб, мева териб “эътиборга тушса”, бошқалари метро ичида бақириб, тартибни бузиб “Бобурийлар келганини” айтади. Шу сабаб ҳам чет элда юрган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси унинг яхши ё ёмон қилмиши сабаб бутун миллатга нисбатан фикр шаклланишини унутмаслиги керак!
Айниқса, ҳозиргидек нозик, дунёнинг деярли барча нуқталарида мигрантларга нисбатан муносабат бир оз ўзгарган, талаблар эса анчагина кучайтирилган бир даврда эҳтиёткорлик, ўзи бўлиб турган давлатнинг қонунларини билиш зарар қилмайди. 21 январь куни АҚШ ҳудудида ноқонуний бўлиб турган 44 нафар Ўзбекистон фуқаролари депортация қилингани ҳам гапимизга исбот бўла олади.
Ташқи ишлар вазирлиги берган хабарга кўра, фуқаролар чартер рейс билан олиб келинган. Бу қайтариш АҚШнинг тегишли ҳукумат идоралари билан ҳамкорликда ташкиллаштирилган бўлиб, унинг амалга оширилиши орқали Ўзбекистон фуқароларининг мамлакатга хавфсиз ва ўз вақтида қайтарилиши таъминланган.
Маълумот ўрнида, 2025 йилнинг сентябрь ойида ҳам 39 нафар, апрель ойида ҳам бир гуруҳ АҚШдан депорт қилинган Ўзбекистон фуқароси махсус чартер рейси билан олиб келинганди. АҚШ мазкур амалиётни тарихий деб атаб, Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон “Тинчлик кенгаши”га аъзо бўлди
Сўнгги пайтларда, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида “тарихий” деб аташ мумкин бўлган воқеалар кўп бўлмоқда. Мисол учун, АҚШ президенти Дональд Трамп асос солган, БМТга рақобатчи бўлиши тахмин қилинаётган “Тинчлик кенгаши”га Ўзбекистон ҳам таъсисчи давлат сифатида қўшилди.
22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Швейцариянинг Давос шаҳрида “Тинчлик кенгаши” низомини имзолаш маросимида иштирок этди. Можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган янги ташкилотнинг таркибидан жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар ўрин олган.
Таклиф этилган ҳар бир давлатда 3 йил бепул аъзолик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, келгусида кенгашнинг доимий аъзоси бўлиш учун давлатлар 1 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик бадал тўловни амалга ошириши керак бўлади. Ва айнан ташкилот низомининг мана шу қисми кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Ташкилотга аъзо бўлган икки Марказий Осиё мамлакатларидан бири Қозоғистон Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши”га $1 млрд миқдоридаги бадалсиз аъзо бўлди. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот хизмати журналистларга маълум қилди.
“Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш учун давлатнинг мутлақ суверен қарори талаб этилади. Кенгашга аъзо бўлган пайтдан бошлаб давлатнинг Кенгашда бўлиш муддати уч йилни ташкил этади. Низомда кўрсатилган 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмайди. Бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи. Агар бундай бадал биринчи йил давомида амалга оширилса, давлат Кенгашда бўлиш муддатини белгиланган уч йиллик муддатдан кўпроқ узайтириш имкониятига эга бўлади. Қозоғистон “Тинчлик кенгаши”га ҳеч қандай молиявий ҳисса қўшмасдан аъзо бўлди, бу Низом қоидаларига тўлиқ мос келади”, дейилади хабарда.
Ўзбекистон эса ушбу ташкилотга қай тартибда аъзо бўлгани ҳозирча маълум эмас. Бироқ, Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон нега “Тинчлик кенгаши”га қўшилганини изоҳлади:
“Тинчлик кенгаши”нинг олдида турган вазифа, авваламбор, Ғазо инқирозини ҳал қилиш. Бизнинг Президентимиз Дональд Трампнинг таклифини қабул қилиб, розилик бердилар. Савол туғилади: биз нима учун бу ташаббусини қўллаб-қуватладик? Биринчидан, хавфсизлик нуқтаи назаридан, албатта, бизнинг манфаатларимиз бор. Иккинчидан, мана шу кенгашнинг олдида турган вазифалар, мақсадлар бизнинг ташқи сиёсатимизда асосий тамойилларига тўлиқ жавоб беради ва мос келади. Учинчидан, ҳақиқатан ҳам бу минтақада бизнинг жуда жиддий ҳаётий манфаатларимиз бор”, дейди у.
Комиловнинг айтишича, Ўзбекистоннинг “Тинчлик кенгаши”га қўшилишининг сабабларидан бири Афғонистондир. У ердаги вазият ҳам айнан Яқин Шарқдаги урушлар сабаб кескинлашган. Чунки мамлакатга асосан шу минтақадан экстремист, террорист ташкилотлар кириб келган.
“Афғонистон – қўшнимизга ҳужум бошланишидан олдин у ерда ҳеч қандай экстремист, террорист ташкилотлар бўлмаган. Лекин уруш бошлангандан кейин кўпинча мана шунақа ташкилотлар, гуруҳлар қаердан келди? Яқин Шарқдан келди. Албатта, Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш – бу осон масала эмас. ХХ асрда Яқин Шарқнинг боши урушдан чиқмаган. Шунинг учун, албатта бу масалани ҳал қилиш учун бутун халқаро ҳамжамият бирлашиб, нафақат Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари, мусулмон давлатлари, мана шу Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиши керак. Ҳар битта қадам ўйлаб босилиб, тинчлик ўрнатилса, барқарорлик ўрнатилса, муҳим қадам бўлади. Биз халқаро ҳамжамият билан ўзимизнинг ҳамкорлигимизни давом эттирамиз”, дейди Абдулазиз Комилов.
Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда етакчига айланди
Дунё нотинч. Аввал яширинча ўйналган қуролланиш пойгаси бугун очиқчасига давом этмоқда. Мана шундай даврда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси ўзгартирилишини маълум қилганди. Ушбу соҳа вакиллари билан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда эса ҳарбий-техник база, замонавий технологиялар, қуролланиш, ўқув тактикалари, синов жараёнларининг сони ҳам, сифати ҳам ошгани маълум қилинди.
Бу натижалар Глобал Фирепоwер томонидан элон қилинган рейтингда намоён бўлди. 2026 йилги рейтингга кўра, ҳарбий қудрат бўйича 145 мамлакат Ичида Ўзбекистон ўз рейтингини беш поғонага яхшилаб, 53-ўринга кўтарилган. Бу натижа орқали 58-ўринни эгаллаган Қозоғистонни ортда қолдириб, Марказий Осиёда етакчига айланган.
Минтақавий рейтинг қуйидагича: Ўзбекистон – 53-ўрин; Қозоғистон – 58-ўрин; Туркманистон – 78-ўрин; Тожикистон – 100-ўрин; Қирғизистон – 109-ўрин.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг асосий устунликларидан бири унинг сафарбарлик ресурси бўлиб қолмоқда. Мамлакат аҳолисидан қарийб 16 миллиони ҳарбий хизматга яроқли ҳисобланади. Тахминан 120 минг ҳарбий хизматчи қуролли кучларда, асосан қуруқликдаги бўлинмаларда хизмат қилади.
Армия ихтиёрида 470 та танк ва 8692 та зирҳли транспорт воситаси мавжуд. Унинг артиллериясида 177 та ўзиюрар қурол бўлиб, бу тоифада дунёда 23-ўринда туради. Шунингдек, ҳарбий-ҳаво кучлари таркибида 159 та ҳаво транспорти бор. Улардан 101 таси вертолётларга тўғри келади. 34 та ҳужум вертолёти билан мамлакат ушбу тоифада дунёда 20-ўринни эгаллаб турибди.
Ўзбекистон мустақиллигини қабул қилиб бўлмайди!
Мудофаа масаласи айниқса бугун жуда муҳим. Ҳархолда тилига нима келса, ўз манфаати йўлида гапириб чиқаётган, ҳатто очиқ таҳдид қилаётган кимсалар тез-тез пайдо бўляпти. Бу гал эса “Ўзбекистон мустақиллигини қабул қилиб бўлмайди!” дея навбатдаги аҳмоқона гап айтилди. Қайси мамалкат фуқароси томонидан бундай ҳурматсиз фикр билдирилганини бир тахмин қилиб кўрингчи!
“Рус дунёси” мафкурасининг асосчиларидан бири, кремльпараст пропагандист, “Путиннинг мияси” дея таърифланувчи, файласуф эканлиги айтиладиган Александр Дугин Собиқ СССР таркибида бўлган мамлакатларни яна Россия назоратга олиши керак деб чиқди. Бизга ёқмаса-да, унинг гапини эшиттиришга мажбурмиз афсуски.
“Суверен Арманистон, Грузия, Озарбайжон, Қозоғистон, суверен Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг мавжудлигини қабул қилиб бўлмайди. Янги воқеликда ҳеч қандай суверенитетга ўрин йўқ. Улар ёки биз томонимизда, ягона иттифоқимиз таркибида бўлади ёки Ғарб, Европа Иттифоқи, Америка учун, айрим ҳолатларда эса Хитой учун таянч майдонга айланади”, деди Дугин.
Шунингдек, Дугин “уч қутбли дунё” шаклланаётгани ва бу тизимда Россия “куч маркази”га айланиб, атрофидаги ҳудудлар устидан назоратни кучайтириши кераклигини ҳам алоҳида урғулаган.
“Бизнинг мақсадимиз уч қутбли дунёда энг муҳим куч марказларидан бирига айланиш: суверен, эркин, мустақил ва улкан давлат бўлиш. Биз назоратга олмаган барча ҳудудлар нейтрал бўлиб қолмайди. Яъни, тинч ва осойишта “Швейцария”га айланмайди. Аксинча, улар бошқа қутбларнинг, энг аввало АҚШ бошчилигидаги янада можароли қутбнинг таянч нуқтасига айланади”, дея қўшимча қилган у.
Россиядаги энг машҳур миллатчи-фашистик мафкурачилардан бири Александр Дугин жорий йилнинг 7 январь куни 64 га тўлди. Бу ёшда дунё аҳолисининг 7-8 фоизи “ақлий заифлашиш” касаллиги билан хасталаниши Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасида келтирилган. Бироқ, Дугин бир нечта давлатнинг мустақиллигини тан олмаётганига халқ тили билан айтганда, “томи кетгани” сабаб бўлмаса керак. Ҳархолда у азалдан мана шундай империя қуриш дардида вайсаб келади.
Унинг ортидан эса собиқ боксчи Николай Валуев ҳам Марказий Осиё давлатларига таҳдид қилди. Унинг айтишича, яқин орада худди Украинада бўлгани каби яна бир нечта ҳарбий операциялар ўтказилади.
“Бизни бир нечта махсус операция кутмоқда. Буюк файласуф Дугин ҳақ. Биз 30 йилдан бери постсовет республикаларига ширинлик бериб келмоқдамиз, аммо бу ёрдам бермади. Бизга таёқ керак”, деган спортчи.
Катта ёшли авлод бу мавжудотни Руслан Чагаев билан ўтказган жангги ва сўз устаси Хожибой Тожибоевнинг ҳазиллари орқали яхши эслайди.
Сўз устаси айтганидек, ҳамюртимиз рақибига тинимсиз қаттиқ зарбалар берганди. Ва айнан уларнинг бош мияга таъсири энди сезилаётганини айтиб, Руслан Чагаев ҳозирда депутатлик билан шуғулланаётган Валуевга жавоб қайтарди.
Рус пропогандистлари томонидан қилинаётган инфоҳужумлар жонингизга теккандир эҳтимол. Аммо улар хали-бери тўхташмаса керак! Таниқли шахслари, шоу бизнес вакиллари ва кучли журналистлари яна мантиқсиз фактлари-ю, тутруқсиз фикрлари билан пайдо бўлиши мумкин!
Яна журналистлар қамалди
Журналистлар мавзуси очилган пайт Ўзбекситондаги икки вазиятга ҳам тўхталамиз. “Халқпарвар Гуруҳи” журналисти 4 йилга қамалди, “Қонун доирасида” лойиҳасининг икки журналисти ҳам қўлга олинди.
Фарғона вилоят судининг Телеграмдаги расмий каналида хабар берилишича, Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг 20 январдаги эълон қилган ҳукми билан 1990 йилда туғилган, “АК ХАЛҚПАРВАР ГУРУҲИ” МЧЖ (“АНТИКОРРУПЦИЯ” ОАВ) мухбири бўлиб ишлаган, муқаддам судланган фуқаро туҳмат, ҳақорат қилиш, товламачилик, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш, ёлғон ахборот тарқатиш каби жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида 3 йилу 10 ой муддатга белгиланган аввалги қамоқ жазосидан, Жиноят кодексининг 60,61-моддаларига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинганлигини бекор қилган ҳолда 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташлари белгиланди.
Хоразмда ҳам “Қонун доирасида” лойиҳасини юритган юрист Фурқат Рўзметов ва унинг ходими Азамат Авезов қатор жиноятларни содир этганликда гумонланиб қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Гумонланувчилар – 1980 йилда Урганч шаҳрида туғилган Фурқат Султонназарович Рўзметов ва 1992 йилда Урганч туманида туғилган Азамат Рўзимбоевич Авезов ва бошқаларга нисбатан жиноят кодексида тегишли моддаларда назарда тутилган туҳмат, товламачилик, фирибгарлик, экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби жиноятларини содир этганлик бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Аввалроқ, 16 январь куни “Тафтиш.уз” сайтининг 4 нафар ходими ҳам товламачилик ва фирибгарликда гумонланиб қўлга олинган эди.
Ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишда айбланиб 7 йилга қамалган Андижон вилоят ҳокимининг собиқ ўринбосари Ботиржон Ҳамроев эса озодликка чиқди.
Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди томонидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбланган жами 29 нафар судланувчига оид жиноят иши кўрилиб, суднинг 2025 йил 8 июлдаги ҳукми билан тегишли жазолар тайинланган.
2025 йилнинг 26 декабрь куни суд ҳукмига нисбатан туман прокурорининг протести ва судланувчиларнинг шикоятларига асосан жиноят иши Тошкент шаҳар суди апелляцияси инстанциясида кўрилиб, ҳукмнинг 24 нафар судланувчига тегишли қисмлари ўзгартирилган.
Хусусан, биринчи инстанция суди ҳукми билан Ботиржон Ҳамроевга нисбатан тайинланган 3 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси жиноят оқибатида етказилган зарар қоплангани муносабати билан иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ундириб бориш шарти билан 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ўзгартирилган.
Россиялик генерални ўлдиришда гумонланган ўзбекистонлик умрбод қамалди
Россиянинг Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди судьялари ҳайъати генерал-лейтенант Игорь Кириллов ҳалок бўлган терактни содир этганликда айбланган Аҳмад Қурбоновни умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади. Шунингдек, унга 1 млн рубль миқдорида жарима белгиланди.
РБК нашри берган маълумотга кўра Қурбонов айбини тан олиб, тергов билан фаол ҳамкорлик қилган. Тергов версиясига кўра, 2024 йил 17 декабрь куни Ўзбекистон фуқароси Қурбонов Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) топшириғига биноан генерал Кириллов яшаган уйнинг кириш қисмига рулида масофадан бошқариладиган бомба ўрнатилган электро-самокатни қолдирган. Шундан сўнг теракт ижрочиси ижарага олинган автомобилга ўтириб, бўлаётган воқеаларни Украинага жонли эфирда узатган. Генерал Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси майор Илья Поликарпов уйидан чиққан пайтда портлаш содир бўлиб, икки зобит ҳам ҳалок бўлган.
Қурбоновдан ташвари яна бир ҳамюртимиз, қоракўз Россияда қамалди. У Украинадаги урушдан қочишга урингани учун 7 йил 9 ойга озодликдан маҳрум қилинди. Иш ҳужжатларига кўра, мазкур ўзбекистонлик эркак аввалроқ, 2023 йил апрель ойида Россиянинг Челябинск вилоятида гиёҳванд моддалар савдосига уринишда айбдор деб топилиб, 11 йил 8 ойга қаттиқ тартибли колонияда жазога ҳукм қилинган.
У қамоқда бўлган вақтида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиб, Украинадаги жанговар ҳаракатлар ҳудудига юборилган. Шартнома шартларига кўра, урушдан қайтгач, у озод этилиши лозим бўлган, бироқ жанглар вақтида яраланган. Шундан сўнг ўзбекистонлик эркак Новосибирскдаги ҳарбий шифохонага ётқизилган. Даволаниш якунлангач, 2025 йил 23 май куни кечқурун у Новосибирск вилояти ва Қозоғистон чегараси яқинидаги ўрмон ҳудудига бориб, ўзининг йўлбошчисини кутган. Аммо йўлбошчи келмаган. Орадан бир кун ўтиб, ушбу эркак Федерал хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган.
2025 йил сентябрь ойида ҳарбий суд уни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринганликда айбдор деб топиб, 6 ой қамоқ жазосини тайинлаган. Бироқ, аввалги суд ҳукми бўйича ўталмаган жазо муддатини инобатга олиб, якунида 7 йил 9 ой муддатга қаттиқ тартибли колонияда жазо ўташ белгиланган.
Таниш сценарий-а? Россия томони урушга юбориш учун “қўшимча армияни” мигрантлардан тузаётгани ҳақида турли видеолар тарқалганди. Украиналик блогер Дмитро Карпенко ўз саҳифасида эълон қилган видеода ҳамюртларимиздан бири унга ёки узоқ муддатга қамалиш ё урушда иштирок этиш шарти қўйилганини айтган эди.
Худди шу воқеа яна бир ватандошимиз билан ҳам содир бўлди. Новосибирск вилоятининг Карасукск туман суди ноқонуний миграцияни ташкил этишда айблаб, Ўзбекистон фуқаросини ҳибсга олди. Айбловга кўра, у ва унинг шериклари интернет орқали камида 270 нафар хорижликка сохта шартномалар сотган. Бу ҳақда вилоятнинг умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати маълум қилди.
Тергов маълумотларига кўра, Хидиров гуруҳ таркибида олдиндан тил бириктириб ҳаракат қилган. Улар камида 270 нафар хорижий давлат фуқароларига, шу жумладан Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлардан келганларга сохта фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тайёрлаб, интернет орқали сотган. Суд айбланувчига нисбатан 2026 йил 28 февралга қадар қамоқ эҳтиёт чорасини танлади. Агар унинг айби исботланса, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Нурзодбек Воҳидов
Live
Барчаси