Байден ёшлар орасида ҳурматини йўқотяпти
Олам
−
24 Ноябрь 2023
3798АҚШ Президенти Жо Байденнинг Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш тарафдори бўлмагани сабабли АҚШдаги ёш сайловчилар орасида машҳурлиги пасаймоқда. Бу ҳақда кеча, 23 ноябрь куни “The Washington Post” газетаси ёзди.
Қайд этилишича, Яқин Шарқда қурбонлар сони ортиб бораётгани фонида баъзи ёш сайловчилар Президент Байденнинг муносабатидан кўнгли қолиб, учинчи томон номзодига овоз бериш (яъни, демократ ёки республикачи бўлмаган номзодга) ёки умуман овоз бермаслик ҳақида ўйламоқда.
Газета журналистлари талабалар билан суҳбатлашган ва Байденнинг уруш ҳақидаги позицияси 2024 йилги сайловлар олдидан ёш сайловчилар орасида унинг қўллаб-қувватланишини камайтириш билан таҳдид қилмоқда, деган хулосага келган.
Гап шундаки, Байден ҳалигача Ғазо секторида тўлиқ ўт очишни тўхтатишни сўзсиз қўллаб-қувватламаган.
“Байденнинг ёши билан боғлиқ хавотирлар фонида, баъзи либерал талабалар учинчи томон номзодларига очиқлик билдиришди ва АҚШ президентлик сайловларида Байден ва Трамп ўртасидаги курашнинг эҳтимолий такрорланишидан норози эканини айтди”, дейилади хабарда.
Шунга қарамай, Қўшма Штатлардаги сайловчиларнинг аксарияти Яқин Шарқдаги можаронинг кучайишини ҳисобга олиб, Исроилни қўллаб-қувватлашга мойил. Бироқ, сўровларга кўра, ёш америкаликлар кўпинча Исроил жуда қўпол ҳаракат қилмоқда, деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун, АҚШда навбатдаги президентлик сайловлари 2024 йил ноябрида бўлиб ўтади. Жорий йилнинг 25 апрель куни Байден олий ҳукумат лавозимига қайта сайланиш учун курашаётганини эълон қилган. Трамп эса 2022 йил ноябридаёқ сайловолди пойгасига киришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари сабаб Жо Байденнинг сиёсатини маъқуллаш рейтинги 2021 йилда у президентликка келганидан бери рекорд даражага тушиб кетгани маълум бўлганди.
LiveБарчаси