Байден ва Цзиньпин учрашувининг эҳтимолий вақти айтилди

Олам 4972
image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден жорий йилнинг ноябрь ойида Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин билан юзма-юз учрашиши мумкин. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Хитой расмийлари G20 ёки Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида доирасида бўлиб ўтадиган Жо Байден ва Си Цзиньпиннинг юзма-юз учрашувига тайёргарлик кўрмоқда.

Нашрга кўра, Хитой Коммунистик партияси (ХКП) қурултойи кузда бўлиб ўтади ва унда Си Цзиньпин афтидан учинчи муддатга ХКП раҳбари сифатида ўз номзодини илгари суради. 

Икки давлат раҳбарларининг учрашувига тайёргарлик кўраётган расмийлар Си Цзиньпин аввало конвенцияни якунлаши, кейин эса 15-16 ноябрь кунлари Балидаги G20 саммитида иштирок этиши кераклигини айтмоқда. У ердан Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида иштирок этиш учун Бангкокка йўл олиши мумкин.

Таъкидланишича, бу Хитой етакчисининг деярли уч йилдаги илк сафари ва Байден билан Президент сифатидаги илк учрашуви бўлади. Икки саммитдан бири доирасида бўлиб ўтиши мумкин бўлган учрашувга тайёргарлик ҳали дастлабки босқичда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг 2 август куни Тайванга қилган ташрифидан кейин Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди. Пекин бу сафарни “Ягона Хитой” тамойилини бузиш ва мамлакат давлат суверенитетига тажовуз, деб ҳисоблади.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 144
Рейтинг: 3.1
t
×