Байден Исроилга қарши ҳужумларни молиялаштирган – конгрессмен

Олам

image

Техас шимолий округи суди АҚШ Конгресси аъзоси Ронни Жексоннинг петициясини қаноатлантирди. У АҚШ ҳукумати Ғазо секторига маблағ йўналтириш орқали ҲАМАС ҳаракатининг ривожланишига ҳисса қўшганини таъкидлади. Бу ҳақда конгрессмен ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилди.

"Катта ғалаба! Шу йилнинг бошида мен Байден маъмуриятини ноқонуний ва била туриб Фаластин террорини молиялаштиргани учун судга берган эдим. Бугун АҚШ округ суди судьяси тергов бошлаш ҳақидаги илтимосимизни қондирди. Байден Исроилга қилинган қонли ҳужумларни тўлиқ молиялаштирди. Бу унинг айби”, деб ёзган конгрессмен.

Шунингдек, у  ўз пости остига АҚШ Президенти асосий айбланувчи сифатида кўрсатилган суд қарори матнини илова қилган.

“America First Legal” ННТ ҳам Ронни Жексонни қўллаб қувватлаган. Ташкилот баёнотида Президент Байден билан бирга Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам судга берилгани айтилган.

“Бугун, ҲАМАСнинг ваҳшиёна ҳужумларидан сўнг - 14 америкалик ва 1000 дан ортиқ бошқа бегуноҳ эркаклар, аёллар ва болалар ўлдирилган ва номаълум сонли америкаликлар Ғазода гаровга олинган. Техаснинг Шимолий округи бўйича АҚШ округ суди бизнинг илтимосимизни қондирди”, дейилади баёнотда.

Исроил-Фаластин 

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларига кўра, қуролли тўқнашувлар оқибатида 900 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, уларнинг ярмига яқини аёллар ва болалар. Исроил томонидан қурбон бўлганлар эса минг нафарга етган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Чарльз Браун Эронни Исроилдаги можарога аралашиши оқибатларидан огоҳлантирганди. NBC телеканали эса Америка маъмурияти Украина учун қўшимча молиялаштириш ва Исроилга ёрдам сўровларини бирлаштириш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди. Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби эса АҚШ Исроил ва Фаластин ўртасидаги тўқнашувларда иштирок этиш учун қўшин юбориш ниятида эмаслиги, бироқ Исроилга ҳарбий ёрдам етказиб беришни бошлаган ва яқин кунларда қўшимча маблағ ажратилишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Исроил Жо Байден

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг