Байден Германияга сафарини қолдирди
Олам
−
08 Октябрь
5844АҚШ Президенти Жо Байден Америка қирғоқларига яқинлашаётган “Милтон” тўфони туфайли Германия ва Анголага режалаштирилган сафарларини кечиктиришга қарор қилди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер маълум қилди.
Жан-Пьерга кўра, Президент “Милтон”га тайёргарликни шахсан назорат қилиш ва унинг яқинлашишига қарши чораларни мувофиқлаштириш, шунингдек, яқинда жануби-шарқий штатларга урилган “Ҳелен” довулининг оқибатларини бартараф этиш ишларини давом эттириш учун сафарларни бекор қилган.
Қайд этилишича, “Рамштейн” формати доирасида Украинани ҳимоя қилиш бўйича алоқа гуруҳи йиғилиши 12 октябрга режалаштирилган ва Байден ушбу йиғилишга раҳбарлик қилиши керак эди. Шунингдек, у Украина Президенти Владимир Зеленский, Германия канцлери Олаф Шольц, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер билан учрашувлар ўтказишни режалаштирган эди. Бундан ташқари, Германиядан кейин, 13–15 октябрь кунлари Байденнинг Ангола Президенти Жоау Лоуренсу билан музокаралар ўтказиш учун Анголага сафар қилиши режалаштирилганди.
“Биз ушбу ташриф бекор қилинганидан афсусдамиз, лекин, албатта, Флоридадаги вазиятни тушунамиз. Оқ уй бизни олдиндан хабардор қилди”, деди Германия ҳукумати вакили Штеффан Хебештрайт.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ жануби-шарқига “Ҳелен” тўфони ёпирилгани хабар қилинган эди. Сўнгги маълумотларга кўра тўфон оқибатида қурбон бўлганлар сони 232 нафарга етган.
LiveБарчаси