АҚШда “Ҳелен” тўфони қурбонлари сони 100 дан ошди
Олам
−
30 Сентябрь
1966АҚШ жануби-шарқида содир бўлган “Ҳелен” тўфони 116 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда CBS хабар берди.
Қайд этилишича, Шимолий Каролинада 46 киши, Жанубий Каролинада 27 киши, Жоржияда камида 25 киши, Флоридада 13 киши вафот этган.
CNN хабар беришича, тўрт киши Теннесси штатида, икки киши Виржиния штатида вафот этган. Бундан ташқари, 600 га яқин шимолий каролиналиклар бедарак йўқолган. Қолаверса, 2 миллионга яқин АҚШ аҳолиси электр таъминотисиз қолмоқда.
Сув тошқинлари ва кўчкилар туфайли Шимолий Каролинада 300 га яқин, Жанубий Каролинада 150 га яқин йўллар ёпилган.
“АҚШ Президенти Жо Байден шу ҳафта охирида довулдан жабр кўрган ҳудудларга боришни режалаштирмоқда”, деб хабар бермоқда CNN.
Маълумот учун, “Ҳелен” тўфони Саффир-Симпсон шкаласи бўйича 4-тоифали бўлиб, Флорида шимолидаги Биг Бенд ҳудудига 19 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 23:10 да етиб келди. Ўша пайтда шамолнинг тезлиги соатига 225 километрга етган. Миллий бўрон маркази маълумотларига кўра, “Ҳелен” кейинчалик кучини йўқотди ва тропик бўронга айланди, кейин эса тропик депрессияга қадар заифлашди.
Тўфон кучли ёмғир ва сув тошқинига сабаб бўлди. Флорида штатида тахминан 40 см, Жанубий Каролина ва Жоржияда 35 сантиметргача, Шимолий Каролинада 33 сантиметр ортиқ ёғингарчилик кузатилган. Ҳозирда, Флорида, Жоржия, Шимолий Каролина, Алабама, Теннесси ва Виржиния штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда “Ҳелен” тўфонидан 40 киши вафот этгани хабар қилинганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси