Байден Бердимуҳамедовни янги лавозими билан табрикламади 

Олам

image

АҚШнинг Ашхободдаги элчихонаси Америка Президенти Жозеф Байденнинг Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедовга Наврўз байрами муносабати билан йўллаган мактубини эълон қилди.  

“Ҳурматли жаноб Президент! Туркманистоннинг учинчи Президенти бўлганингизни инобатга олиб, сизга, оилангизга ва бутун мамлакат халқига Наврўз байрами қувончли ва фаровон ўтишини тилайман. Тинчлик ва янгиланиш кунида Америка Қўшма Штатларида ва бутун дунёда кўплаб одамлар сиз билан бирга ушбу ажойиб байрамни нишонламоқда”, дейилади мактубда. 

Қайд этиш жоизки, мактубда кичик Бердимуҳамедовнинг президентликка сайлангани билан табрикланмаган. Яъни, номада “сайловда ғалаба қозонганингиз” ёки “сайланганингиз” деган сўзлар йўқ. 

Шу билан бирга, элчихона хабарида мактубнинг таржимаси чоп этилган. Хабарнинг асл инглизча версияси берилмаган. 

Аввалроқ, АҚШ Давлат департаменти Туркманистонда бўлиб ўтган президентлик сайловини қонуний деб тан олишдан бош тортиб, ЕХҲТ хулосаларига қўшилиб, Туркманистон ҳукумати эркин, адолатли ва рақобатбардош сайловни таъминлай олмаганини таъкидлаган эди. 

Маълумот ўрнида, Туркманистонда жорий йилнинг 12 март куни президентлик сайлови бўлиб ўтди. 15 март куни амалдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов сайловда 72,97 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани маълум қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бердимуҳамедов Байден

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг