Бахтиёр Саидов хитойлик мавқедоши билан учрашди
Олам
−
25 Апрель
5071Бугун, 25 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
Маълум қилинишича, учрашув давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини чуқурлаштириш масалалари юзасидан очиқ ва атрофлича фикр алмашилган.
“Суҳбатимиз савдо, транспорт-логистика алоқалари, минтақавий хавфсизлик ва халқаро ҳамкорлик каби кенг кўламли йўналишларни қамраб олди”, деб ёзади Саидов.
Шунингдек, Бахтиёр Саидов Ўзбекистоннинг тараққиётини доимий қўллаб-қувватлаётгани, барқарор, фаровон ва ўзаро боғланган минтақани барпо этишга қаратилган умумий интилишлари учун Хитой томонига миннатдорлик билдирган.
“Икки томонлама алоқаларимиздаги юқори динамикани давом эттиришга келишиб олдик”, дея ёзган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Цзяньчао бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Учрашувда олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ва амалий шерикликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
LiveБарчаси