Азалий орзу 8-турдаёқ амалга ошиши мумкин
Спорт
−
21 Март
14282Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси 3-саралаш босқичи 8-туридаёқ мундиал йўлланмасига эга чиқиши мумкин. QALAMPIR.UZ кейинги турдаёқ Ўзбекистонни 2026 йилда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига олиб чиқувчи бир нечта назарияларни эътиборингизга ҳавола этади.
Қўшнилар Ўзбекистонга ёрдам бериши мумкин
Учинчи саралаш босқичи 8-турида Қирғизистон терма жамоаси 25 март куни ўз уйида Қатарни қабул қилади. Айни вақтда 3 очко билан 5-ўринни банд этиб турган Қирғизистон термаси 10 очко билан 4-ўринни эгаллаб турган Қатарни мағлуб этадиган бўлса, қирғизларнинг очкоси 6 тага етади. Қатарнинг очкоси 10 талигича қолади ва 4-ўриндан юқорига кўтарилмайди. Бу эса Ўзбекистон яна бир рақобатчисидан қутулади дегани.
Шимолий Корея БААни мағлуб этиб бериши керак
25 март куни 8-тур доирасида шунингдек, Шимолий Корея ўз уйида Бирлашган Араб Амирликларини қабул қилади. КХДР гуруҳда 2 очкога эга ва сўнгги 6-ўринни банд этиб келмоқда. Ўзбекистоннинг энг яқин таъқибчиси БАА эса 10 очко билан 3-ўринда келмоқда. Агар Шимолий Корея БААни мағлуб этадиган бўлса, Ўзбекистон ва Амирликлар ўртасидаги очколар фарқи йириклашади, агар Ўзбекистон Теҳронда ижобий натижа қайд этса... Бу ҳақда сал кейинроқ.
Азалий рақиб билан Теҳрондаги ўйин
Агар юқоридаги эҳтимоллар амалга ошадиган бўлса, яъни Қирғизистон Қатарни ва энг муҳими Шимолий Корея БААни мағлубиятга учратадиган бўлса, Ўзбекистоннинг Эрон билан ўйиндаги дуранг натижаси ҳам муддатидан аввал 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига олиб чиқади. Чунки агар дуранг бўлса, БАА ва Қатар билан орадаги фарқ 7 тага етади. Бу эса мундиал йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритилишига сабаб бўлади.
Маълумот ўрнида, 3-саралаш босқичи 8-тур ўйинлари 25 март куни бўлиб ўтади. Қирғизистон-Қатар Тошкент вақти билан 18:45, Эрон-Ўзбекистон 21:00, Шимолий Корея-БАА 23:15 да старт олади.
LiveБарчаси