Айя София масжидига кириш пуллик бўляпти
Олам
−
31 Октябрь 2023
6039Чет элликлар учун Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Айя София масжидини зиёрат қилиш 2024 йилнинг январь ойидан бошлаб пуллик бўлади. Бу ҳақда Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой маълум қилди.
“Биз Айя София масжидида ташриф буюрувчиларни бошқариш тизимидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Ташрифлар сифати ва хавфсизлиги ортади. Чет элликларнинг туризм мақсадидаги ташрифлари 15 январдан бошлаб пуллик бўлади. Туркия фуқаролари учун ташриф ва ибодат бепул бўлади”, дейди Эрсой.
Расмийлар чет эллик сайёҳлар учун Айя Софияни зиёрат қилишлари учун масжидга алоҳида кириш жойи ажратилишини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июль ойида Туркия Давлат кенгаши Истанбулдаги Айя Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда қабул қилинган Мустафо Камол Отатурк фармойишини бекор қилди. Шундан сўнг, ушбу мажмуадан масжид сифатида фойдаланилиши маълум бўлди.
Айя София масжидга айлантирилишидан олдин унга кириш пуллик эди. Туркия Президенти объектнинг мақоми музейдан масжидга ўзгартирилса, кириш ҳамма учун бепул бўлишини ваъда қилганди. Айя София масжидига ҳар йили 3 миллиондан ортиқ киши ташриф буюради.
Маълумот ўрнида, Айя София ибодатхонаси Византия императори Константин II тарафидан милодий 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган. Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь