Айя София яна масжиддан музейга айлантирилдими?
Олам
−
16 Январь
5962Туркия Президенти маъмурияти қошидаги дезинформацияга қарши кураш маркази ижтимоий тармоқларда Айя София масжиди яна музейга айланиши ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда марказнинг Х (собиқ Twitter)даги хабарида айтилади.
“Айя София масжиди яна музейга айланди, деган иддаолар ҳақиқатга тўғри келмайди. Масжидга намоз ўқиш учун келганлар ва маданий мақсадда ташриф буюрувчиларни ажратиш ҳамда киришда оломоннинг олдини олиш бўйича ишлар якунланди. 15 январдан бошлаб янги қоидалар жорий қилинган. Ушбу қоидалар доирасида Айя София масжидини музейга айлантириш мумкин эмас”, дейди расмийлар.
Марказнинг тушунтиришича, намоз ўқиш учун келган диндорлардан кириш учун чипта харид қилиш талаб этилмайди, сайёҳлар эса чипта сотиб олишлари керак.
“Сайёҳлик маршрутларида хавфсизлик чоралари кўрилди. Қулоқчинлар тизими ва QR кодли илова туфайли ташриф буюрувчилар диндорларни безовта қилмасдан 23 тилда [Айя София ҳақида] маълумот олишлари мумкин бўлади”, дейилади хабарда.
Кеча, 15 январь куни Айя София янги форматда ишлай бошлади. Чет эллик сайёҳлар учун унга кириш пуллик бўлиб, 25 еврони ташкил этади. Турк фуқаролари ва масжидга ташриф буюрувчи ибодатчилар учун кириш бепул. Ушбу қоидалар олти ой олдин ишлаб чиқилган. Туркия Маданият ва туризм вазирлигининг тушунтиришича, бундай қарорга жаҳон амалиёти ва ибодатхонага киришдаги навбатларни бартараф этиш сабаб бўлган. Бунга параллел равишда Туркия расмийлари Айя Софияни қайта тиклаш ишларини давом эттиришни режалаштирмоқда.
Сайёҳлар учун масжиднинг музей қисмига кириш жанубий вестибюлдан ташкил қилинган, у ерда учта чипта кассалари жойлашган. Ичкарига металл детектордан ўтиб, галерея қаватига олиб борадиган йўлак бўйлаб кириш мумкин. У ерда Византия давридаги мозаикаларни ва масжиднинг ички қисмини деярли тўлиқ кўриш мумкин. Асосий залда намозгоҳлар жойлашган, ҳудуднинг аксарият қисмига кириш сайёҳлар учун имконсиз бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг июль ойида Туркия Давлат кенгаши Истанбулдаги Айя Софияни музейга айлантириш тўғрисидаги 1934 йилда қабул қилинган Мустафо Камол Отатурк фармойишини бекор қилди. Шундан сўнг, ушбу мажмуадан масжид сифатида фойдаланилиши маълум бўлди.
Айя София масжидга айлантирилишидан олдин унга кириш пуллик эди. Туркия Президенти объектнинг мақоми музейдан масжидга ўзгартирилса, кириш ҳамма учун бепул бўлишини ваъда қилганди. Айя София масжидига ҳар йили 3 миллиондан ортиқ киши ташриф буюради.
Маълумот ўрнида, Айя София ибодатхонаси Византия императори Константин II тарафидан милодий 360 йилда бунёд этилган. У ёғочдан қурилган бўлгани учун 404 йилга келиб ёниб кетган. Ўша йили ибодатхона биринчи бор таъмирланган. Ибодатхонанинг ҳозирги биноси эса Византия императори Юстинян биринчининг буйруғига кўра, 532-537 йилларда барпо этилган. Ибодатхонанинг қурилиши 5 йилу 10 ой давом этган. Унда 10 мингдан ортиқ қурувчи меҳнат қилган. Ибодатхона тарихчилар томонидан ўша даврнинг энг катта биноси сифатида қайд этилган.
LiveБарчаси