Аёл эрининг зўравонликлари, 3 кунлик памперсни ейишга мажбур қилганини айтиб берди

3-саҳифа

image

Самарқандда эри томонидан муттасил калтакланиб келган аёл бундан аввал уч марта ўз жонига қасд қилган. У икки марта дори ичиш ва бир марта билак томирини кесиш орқали ўзини ўлдирмоқчи бўлганини айтади. Бу ҳақда у блогер “Aqida Hanum” билан суҳбатда маълум қилган. 

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 20 август куни ижтимоий тармоқларда самарқандлик 35 яшар Ш. ўзи яшаётган хонадонида турмуш ўртоғи М.ни аёвсиз калтаклаётгани акс этган видео тарқалди. Орадан кўп ўтмай, у Тошкентда қўлга олинди.

Aёлни калтаклаган эркакка Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу орада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ушбу ишни тўлиқ назоратига олганини маълум қилди

1995 йилда туғилган М. турмуш ўртоғи 1985 йилда туғилган Ш. билан 2012 йилда шаръий никоҳдан, 2015 йилда ФХДЁ бўлимидан қонуний никоҳдан ўтиб яшаб келган. Уларнинг икки фарзанди бор. М. Суҳбатда 16 ёшида турмуш қургани, фарзандларининг келажаги учун турмуш ўртоғи билан ажрашмай яшаб келаётганини айтади. 

Аёл сўзида давом этаркан, эри бир вақтлар унга итнинг ахлатини едирмоқчи бўлгани, кейин уч кунлик памперсни едирганини айтади

“Қайнисинглим билан ўзаро тортишиб қолдик. Турмуш ўртоғим буни билиб, уйга келгач, эшикларни қулфлади. Аввалига мени урди. Кейин ҳовлидан кучугимизнинг ахлатини топиб келишни буюрди. Ҳовлиларни тозалаганман, итнинг ахлати йўқ деб айтдим. Бўлмаса, “ҳожатхонадан олиб кел”, деди. Ҳожатхона чуқур бўлгани учун ололмадим. Ўзи ҳам ҳаракат қилди, уддаламади. “Ё итнинг ахлатини едираман, ё ҳожатхонадан олиб, юзингга суртиб, ҳаммага шарманда қиламан”, деб айтди. 

Кейин чиқиндилар орасидан фарзандимнинг уч кун аввал ишлатилган памперсини топди. Унинг ичини ёриб, тувакка солди ва зўравонлик билан едирди”, дейди аёл. 

М. 8 йиллик турмуши давомида бу каби хўрликлар тўхтовсиз давом этганини қўшимча қилади. Ўша куни турмуш ўртоғи унга памперсдан чиққан ахлатни зўравонлик билан едиради. Аёлнинг тоби қочади ва қариндошлариникига боради. Остонадан кирибоқ, тез ёрдам чақиришларини сўрайди. Тез ёрдам етиб келганда, воқеадан 2-3 соат ўтиб бўлгани, ахлат аёл ошқозонида ҳазм бўлгани кўринади. Шифокорлар аёлни тиббиёт муассасасигача олиб боришда вақт йўқотилишини айтиб, зудлик билан чора кўриб, уй шароитида аёлнинг ичакларини ювишади. Шундан сўнг улар бўлиб ўтган воқеа ҳақида Ички ишлар органларига хабар берадилар. 

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суд-тиббий экспертизаси тайинланади. Бироқ, М. қайнотаси ва қайнисинглисининг илтимосига биноан суд-тиббий экспертизасидан бош тортади. Шу куни уйига қайтган аёл эри томонидан яна дўппосланади. 

Ҳозирда М. ва унинг икки нафар фарзанди Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан ҳимояга олиниб, ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан “Ҳимоя ордери” берилиб, малакали психологларни жалб қилган ҳолда фарзандлари ва ўзига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

2859

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг