Август ойида Украинадан қанча дон экспорт қилингани очиқланди 

Олам 5986
image

Август ойи бошидан бери Украина портларидан 650 минг тоннадан ортиқ дон экспорт қилинди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазири Ҳулуси Акар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашувда маълум қилган.

Гутерриш озиқ-овқат экспорти билан шуғулланувчи Қўшма марказнинг муваффақиятли фаолияти ҳақида гапириб, ушбу иш дунё бозорларида озиқ-овқат нархини пасайтиришга ёрдам беришига умид билдирган.

“Мен Одесса портига бориб, буғдойни кемага ортилишини ўз кўзим билан кўрдим. Ғалла омборларни тўлдиришини кўриб, жуда таъсирландим. Бу бутун дунё бўйлаб кўплаб одамлар учун умид уйғотди. Биз узоқ давом этадиган жараённинг бошида турибмиз, лекин сиз аллақачон ушбу муҳим келишувнинг бутун дунё учун салоҳиятини намойиш этиб бўлдингиз”, дейди Гутерриш. 

Маълумот учун, 18 август куни Львовда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасида уч томонлама учрашув ўтказилди. Сўнг Эрдўған ва Зеленский икки томонлама ҳамкорликни муҳокама қилиш учун алоҳида музокара ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги Истанбулда шартнома тузилганига 24 соат тўлмасдан, 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 61
Рейтинг: 3.1
Теглар
t
×