Аттракционлар хавфсизлиги устидан назорат кучайтирилади

Ўзбекистон

−

visibility455 timer3 дақиқа

image

Ўзбекистонда аттракционлар хавфсизлигини таъминлаш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш бўйича янги тартиблар жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 25 ноябрдаги “Аттракционлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг профилактикасини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 645-сон қарорида белгиланган. 

Ҳужжатга мувофиқ, аттракционлардан фойдаланишда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, уларнинг ишончли ишлашини таъминлаш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чоралари белгиланган. Жумладан, аттракцион операторларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тизими жорий этилади. Бу фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарни қоплашнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мажбурий суғурта тартибини ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритади.

Шунингдек, аттракционларни импорт қилиш, рўйхатга олиш, улардан фойдаланишга рухсат бериш, техник ҳолати ва хавфсизлик талабларига мувофиқлигини назорат қилиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилади.

Аттракционлар мажбурий техник кўрикдан ўтказилади

Ҳужжатда аттракционларни ҳукумат қарори билан белгиланадиган муддатларда даврий техник кўрикдан ўтказиш тизимини йўлга қўйиш назарда тутилган. Бундай кўрикдан ўтиш аттракциондан фойдаланишга рухсат олишнинг мажбурий талаби ҳисобланади. Даврий техник кўрикдан ўтказилмаган аттракционлардан фойдаланиш рухсат бериш талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш деб топилади.

Истироҳат боғлари ва бошқа кўнгилочар масканлар маъмурияти ўз ҳудудида фақат тегишли рухсатномага эга бўлган ҳамда белгиланган тартибда техник кўрикдан ўтказилган аттракционлардан фойдаланишга рухсат бериши шарт.

Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси уч ой муддатда аккредитация қилинган ихтисослашган ташкилотлар томонидан аттракционларни техник кўрикдан ўтказиш тартибини, шунингдек, ушбу ташкилотлар ва уларнинг ходимларига қўйиладиган талабларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Аттракционлар хавфсизлигини баҳолаш тизими жорий этилади

Аттракционлар хавфсизлиги бўйича мувофиқликни баҳолаш тизимини йўлга қўйиш мақсадида «Саноат хавфсизлиги» давлат муассасаси аккредитациядан ўтказилади. Бундан ташқари, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Божхона қўмитаси билан биргаликда 3 ой муддатда ахборот тизимларини интеграция қилади. Натижада Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган биомеханик хавфнинг I, II ва III даражаларига эга аттракционлар ҳақидаги маълумотларни электрон шаклда ўзаро алмашиш тизими йўлга қўйилади.

Аттракцион операторлари махсус ўқув курсларида ўқитилади

Қарорга кўра, аттракцион операторларини қисқа муддатли ўқув курсларида тайёрлаш Касбий таълим агентлиги техникумларида ташкил этилади. Ўқитиш харажатлари буюртмачи маблағлари ҳисобидан қопланади.
Ўқув дастурлари Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси билан келишилган ҳолда Касбий таълим агентлиги томонидан тасдиқланади.

Қисқа муддатли ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга давлат намунасидаги сертификат берилади. Ушбу сертификат аттракциондан фойдаланиш учун рухсатнома олишда тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг