“Аср қурилиши”: Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тезлаштириш керак! – Шавкат Мирзиёев

Local

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида Қирғизистон Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков билан учрашувда Қамбарота ГЭС-1 қурилиши лойиҳасини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти матбуот хизмати ва “Tazabek” хабар берди.

Кеча, 30 июль куни Чўлпонота шаҳридаги “Руҳ Ордо” маданий марказида бўлиб ўтган расмий кутиб олиш маросимида Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари билан танишди. Давлат раҳбарлари Қирғизистон ҳукумати ва давлат идоралари раҳбарлари билан қисқа мулоқотлар ўтказди.

Қайд этилишича, Қирғизистон Энергетика вазири Олтинбек Рисбеков билан суҳбат чоғида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда янги Энергетика вазири тайинланганини айтиб, икки мамлакат энергетика соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш лозимлигини билдирган.

“Менда янги энергетика вазири – Шерзод Хўжаев. У билан бирга ишлашингиз керак. У жуда камтар, соҳанинг мутахассиси. Қамбаротани тезлаштириш керак”, деган давлат раҳбари.

Мазкур баёнот Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат ташрифи доирасида имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома фонида янгради. Давлат раҳбарлари музокаралар якунлари доирасида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши бўйича уч томонлама ҳукуматлараро битимни тезроқ имзолаш, шунингдек, лойиҳани амалий босқичга ўтказиш юзасидан саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга келишиб олган.

Президентлар, шунингдек, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳаси бўйлаб савдо-логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, энергетика, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ҳамда хомашё ресурсларини қўшма ўзлаштириш соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишувга эришганини маълум қилган.

Музокаралар чоғида Садир Жапаров Қамбарота ГЭС-1 ҳамда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини икки мамлакат ҳамкорлигининг энг муҳим стратегик лойиҳалари сифатида баҳолаган. Унинг таъкидлашича, мазкур ташаббуслар нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг транспорт-логистика ва энергетика салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Шавкат Мирзиёев эса “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини “аср қурилиши” деб атаб, у минтақанинг геоиқтисодий қиёфасини тубдан ўзгартиришга қодир эканини билдирган. Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, мазкур темир йўл Осиё ва Европа ўртасида янги транзит йўлагини шакллантириб, бутун минтақа иқтисодиёти учун янги имкониятлар очади.

Қамбарота ГЭС-1 ҳақида

Қамбарота ГЭС-1 Марказий Осиёдаги энг йирик гидроэнергетика лойиҳаларидан бири бўлиб, Қирғизистоннинг Тўқтоғул туманида, Қамбарота ГЭС-2’дан тахминан 9 километр юқори оқимда ва Норин дарёсидаги Тўқтоғул ГЭС тўғонидан 75 километр масофада қурилади. 

SMEC маълумотларига кўра, станциянинг ўрнатилган қуввати 1 880 мВтни, ўртача йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса тахминан 6 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Бу Қирғизистонда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ҳозирги даражага нисбатан учдан бир қисмдан кўпроқ ошириш имконини беради. Лойиҳага мувофиқ, тўғон баландлиги 260,8 метр, сув омборининг тўлиқ ҳажми эса 5,4 миллиард куб метр бўлади.

2024 йил 11 июнда Вена шаҳрида Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида Қамбарота ГЭС-1 қурилиши ва ундан фойдаланиш лойиҳасини тайёрлаш бўйича идоралараро битим имзоланган. Дастлабки келишувларга кўра, Қирғизистон ҳудудида алоҳида акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унда қирғиз томони 34 фоиз, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонлари эса 33 фоиздан улушга эга бўлади. Шунингдек, ишлаб чиқариладиган электр энергиясини кафолатли харид қилиш ҳам назарда тутилган.

2025 йил 28 октябрда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги энергетика вазири Таалайбек Ибраев Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон лойиҳага ҳар бири 1,5 миллиард доллардан, жами 4,5 миллиард доллар сармоя киритишини маълум қилган эди.

Лойиҳа бўйича техник топшириқларга кўра, асосий қурилиш ишларини 2027 йилда бошлаш, станцияни эса 2035 йилга қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган. Сўнгги йилларда Қирғизистон давлат бюджети ҳисобидан қурилиш майдонида автомобиль йўли, кўприк, подстанция, ишчилар шаҳарчаси, туннель ҳамда электр узатиш линияларини барпо этиш бўйича тайёргарлик ишлари амалга оширилди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends