Аш-Шара Эрдўғаннинг ҳузурига борди
Олам
−
24 Май
5165Бугун, 24 май куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) билан Истанбулдаги Долмабахче офисида учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Aydinlik” хабар берди.
Маълум қилинишича, Туркия раҳбари Эрдўған меҳмонни расмий ва тантанали маросим билан кутиб олган. Бу йирик дипломатик учрашув минтақавий муносабатлар нуқтаи назаридан яхшиланиш сифатида қайд этилган.
Учрашув ёпиқ тартибда, матбуот иштирокисиз бўлиб ўтган.
Мазкур учрашувда Туркия томонидан Ташқи ишлар вазири Ҳокон Фидан, Мудофаа вазири Яшар Гюлер, Миллий разведка ташкилотининг раҳбари Иброҳим Калин, Мудофаа саноати президенти Ҳалук Горгун иштирок этган.
Сурия томонидан эса ташқи ишлар вазири Асад ал-Шибоний ва бошқа тегишли расмийлар иштирок этган.
Учрашувнинг асосий мазмуни ва тафсилотлари ҳозирча оммага ошкор этилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара жорий йилнинг 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди. Қолаверса, аш-Шара 11 апрель куни ҳам Туркиянинг Анталия шаҳрида Анталия дипломатия форуми доирасида (ADF 2025) Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашган эди.
7 май куни Суриянинг янги муваққат раҳбари ўзининг биринчи Европа ташрифини Франциядан бошлади ва мамлакат Президенти Эммануэль Макрон билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди. 14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи давомида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди ва унга Исроилни тан олиш ҳамда Иброҳим келишувларига қўшилиш таклифини берди. Қолаверса, 14 май куни Ар-Риёд шаҳрида Туркия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Сурия етакчилари иштирокида онлайн форматдаги тўрт томонлама мулоқот ҳам ташкил этилганди.
LiveБарчаси