Асад қўшинлари чекинмоқда – ОАВ
Олам
−
07 Декабрь 2024
7197Суриядаги Башар Асад режими кучлари Исроил билан чегарадош Ал-Қунайтра вилоятидаги постларини ташлаб кетмоқда. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Маълум қилинишича, охирги 24 соат ичида суриялик исёнчилар Сурия жанубидаги, шунингдек, Исроил билан чегарага яқин жойлашган Даръа вилоятининг катта қисмини эгаллаб олган.
Шунингдек, улар Сурия шимоли-шарқидаги Ҳасака вилоятининг Қамишли туманидан чекиниб, назоратни жангариларга қолдирган.
“Al-Jazeera”га кўра, Сурия ҳукумат кучлари Ҳомс вилоятидаги қадимий Палмира шаҳри яқинидаги муҳим Т-4 авиабазасидан ҳам қўшинларини олиб чиқишни бошлаган.
Тияс номи билан ҳам танилган Т-4 Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" учун қурол-аслаҳа ташувчи Эрон юк авиакомпаниялари тез-тез қўнадиган иккита йирик аэропортдан бири (иккинчиси Дамашқ халқаро аэропорти) ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Исроил Т-4 авиабазасига бир неча бор ҳужум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” радикал экстремистик гуруҳи аъзолари Дамашққа олиб борувчи йўлда жойлашган йирик Ҳама шаҳрини уч томондан ўраб олганди. Кеча, 6 декабрь куни экстремистик гуруҳи аъзолари Ҳомс шаҳрига кириб келди. Кейинроқ гуруҳ аъзолари Сурия жанубидаги Даръа вилояти маъмурий маркази ва вилоятнинг катта қисмини ўз назоратига олгани ҳақида ҳам хабар берилганди.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь