Арманистон ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза берди

Олам

image

Арманистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо бўлиш учун ариза берди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Никол Пашинян кеча, 16 июль куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Ҳа, биз ШҲТга аъзо бўлиш учун ариза бердик. Бу бизнинг мувозанатни сақлаш сиёсатимизга тўғри келади”, деди Пашинян. 

У Арманистон аллақачон ШҲТ кузатувчиси мақомига эга эканлигини эслатди.

“Бошқача қилиб айтганда, биз нолдан пайдо бўлиб қолганимиз, у ерда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлмаганимиз ва бирдан ташкилотга аъзо бўлишга қарор қилганимиз йўқ”, деди Пашинян.

Унинг таъкидлашича, Арманистон расмийларининг қарори “ташкилотда рўй бераётган муҳим ва таркибий ўзгаришлар” билан ҳам боғлиқ, чунки ШҲТда “кузатувчи ёки ассоциацияланган аъзо мақомини бекор қилиш масаласи” муҳокама қилинмоқда.

Никол Пашинян Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўз мамлакатининг Арманистондан ташқари Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни ўз ичига олган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига (КХШТ) муносабати ҳақида ҳам гапирди. Пашиняннинг сўзларига кўра, “Арманистон ўз иштирокини музлатиб қўйгандан кўра, КХШТдан чиқишни афзал кўради”. Маълумки, Арманистон 2024 йилда КХШТдаги иштирокини музлатиб қўйган, 2025 йил мартида эса ташкилотни молиялаштиришни тўхтатган.

ШҲТга қайтадиган бўлсак, аввалроқ Арманистон ТИВ мамлакат ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирганини маълум қилганди.

“Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг асосий тамойиллари, яъни ҳудудий яхлитлик, куч ишлатмаслик ва чегаралар дахлсизлиги билан ўртоқлашган ҳолда, Арманистон Республикаси ШҲТга аъзо бўлиш истагини билдирди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Арманистон 2024 йил июль ойида ассоциацияда тўлиқ иштирок этишдан олдин ШҲТ кузатувчиси давлат мақомини сўраган. Озарбайжон ҳам кузатувчи бўлиш истагини билдирган ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған унинг давлати ШҲТга доимий аъзо сифатида қўшилиши кераклигини айтган. Орадан бир йил ўтиб, Пекинда хитойлик мавқедоши билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Ереваннинг ШҲТнинг доимий аъзоси бўлиш истагини ошкора эълон қилди.

Маълумот учун, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўнта давлатдан иборат халқаро бирлашма бўлиб, умумий аҳолиси тахминан 3,5 миллиард кишини ташкил этади. Булар Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Ўзбекистон ва Беларусдир. У 2001 йил 15 июнда ташкил этилган. Ташкилотдаги расмий тиллар рус ва хитой тилларидир.


Мақола муаллифи

Теглар

ШҲТ Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг