“Арқадағ” туркий тилли давлатларга бир қанча таклиф билдирди
Олам
−
13 Ноябрь 2021
7837Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов туркий тилли давлатларни жаҳон ҳамжамияти олдида турган муаммоларни ҳал қилишда келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Туркманистон раҳбари Истанбулда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII саммитида сўзлаган нутқида айтиб ўтган.
“Мен қардош халқлар ва давлатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашни, жаҳон ҳамжамиятида рўй бераётган ноаниқ жараёнлар ва жиддий ўзгаришлар нуқтаи назаридан айниқса муҳим бўлган муаммоларни ҳал қилишга келишилган ҳолда ёндашишни таклиф қиламан”, деган Бердимуҳамедов.
Унинг фикрича, туркий тилли давлатларнинг нуфузи ва стратегик сиёсий-дипломатик конъюнктураси билан белгиланадиган изчиллиги ҳамда фаоллиги халқаро ва минтақавий жараёнларда, энг аввало, Марказий Осиёда, Каспий ва Қора денгизларда, Жанубий Кавказда, Ўрта ва Яқин Шарқда барқарор ривожланишни таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкин.
Туркманистон раҳбари ҳозирги шароитда туркий давлатларнинг БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамкорлигини кенгайтириш зарурлигини таъкидлаган.
“Шу муносабат билан биз туркий тилли давлатлар иттифоқининг БМТ фаолиятида янада фаол ва самарали иштирок этиши стратегиясини ишлаб чиқишга киришишни мақсадга мувофиқ деб биламиз”, деган Бердимуҳамедов.
Унинг сўзларига кўра, ушбу таклиф бўйича консенсусга эришилган тақдирда, яқин вақт ичида БМТ Бош Ассамблеясида дастлабки дипломатик процедурани бошлаш, сўнгра тегишли резолюциянинг умумий лойиҳасини ишлаб чиқиш мумкин.
“Бу туркий тилли давлатлар ва БМТ ўртасида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича конструктив ҳамда ягона позицияни халқаро ҳамжамият томонидан тушуниш ва қўллаб-қувватлашга эришиш имконини беради”, деган Туркманистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 ноябрь куни Истанбул яқинидаги “Демократия ва эркинлик” оролида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII саммити бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.
LiveБарчаси