Ар-Риёддаги учрашув Украина музокаралари эмас – АҚШ

Олам

image
Зеленский Ар-Риёдга боради, лекин АҚШ-Россия музокараларида қатнашмайди north_east

Зеленский Ар-Риёдга боради, лекин АҚШ-Россия музокараларида қатнашмайди

АҚШ маъмурияти Россия делегацияси билан Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бўлиб ўтган учрашувни Украина бўйича “музокаралар” бошланиши сифатида эмас, балки Президентлар Дональд Трамп ва Владимир Путин ўртасидаги телефон суҳбатининг давоми сифатида баҳоламоқда. Бу ҳақда кеча, 17 февраль куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс маълум қилди.

“Менимча, одамлар буни тафсилотлар ёки музокаралардаги тараққиёт билан боғлиқ нарса сифатида кўришлари керак эмас”, дейди Брюс.

Россия делегацияси аъзоси, Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам худди шундай фикрни билдирган. Унга кўра, Саудия Арабистонида Россия ва АҚШ делегациялари Украина бўйича музокараларни қандай бошлашни муҳокама қилади.

“Энди савол Украина бўйича музокараларни қандай бошлаш бўйича келишиб олишда, чунки Америка томони ҳали биз билан ишлай оладиган бош музокарачини тайинлагани йўқ. Муносабатларни нормаллаштириш масалаларини муҳокама қилиш, Украинада мумкин бўлган музокараларни бошлаш масалаларини муҳокама қилиш ва энг юқори даражадаги алоқалар истиқболларини муҳокама қилиш - бу учта вазифа”, деб тушунтирди Ушаков.

Бугун, 18 февралдаги музокараларда Ушаковдан ташқари Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам иштирок этади. ТАСС'нинг ёзишича, мулоқотга Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев ҳам қўшилиши мумкин.

Америка делегацияси таркибига Давлат котиби Марко Рубио, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтц ва Яқин Шарқ бўйича махсус элчи Стив Уиткофф киради.

Украина Президенти Владимир Зеленский Саудия Арабистонидаги Украина вакиллари АҚШ ва Россия делегацияларининг учрашувида иштирок этмаслигини тасдиқлади.

Бир кун аввал Украина ҳукумати делегацияси Зеленскийнинг ташрифига тайёргарлик кўриш учун Саудия Арабистонига амалий ташриф билан келган эди.
Ўз навбатида, Европа давлатларининг давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина бўйича ягона позицияни ишлаб чиқиш учун Парижда учрашди.

Германия Ташқи ишлар вазирлиги Европа шу тариқа ўз ҳаракатларини мувофиқлаштираётганини ва шундан сўнг Украинадаги можарони ҳал қилишда ягона ёндашувни қўллашини тушунтирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Саудия Арабистони Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг