Apple 110 та давлатдаги фойдаланувчиларни огоҳлантирди

Олам

image

Apple компанияси 110 та давлатдаги айрим фойдаланувчиларни қурилмаларига жосуслик дастурлари орқали ҳужум қилинган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Firstpost” хабар берди.

Маълумотларга кўра, янги огоҳлантиришлар жорий йилнинг 13 август куни юборилган. Apple жосуслик дастурлари ҳужумлари бўйича фойдаланувчиларни огоҳлантиришни бошлаганидан бери бундай хабарлар 150 дан ортиқ давлатга етказилган.

Қайд этилишича, гап оддий зарарли дастурлар ҳақида эмас, балки муайян шахсларни нишонга олиш учун қўлланиши мумкин бўлган юқори даражада мураккаб жосуслик воситалари ҳақида кетмоқда. Бундай технологиялардан айрим ҳолатларда давлатлар ҳам фойдаланган. Журналистлар, фаоллар ва фуқаролик жамияти вакилларига қарши қўлланилиши эса жиддий хавотирларга сабаб бўлган.

Apple огоҳлантириш тизимини ҳам янгилаган. Энди тегишли фойдаланувчилар iPhone қурилмасининг қулфланган экранида тўғридан-тўғри хавф ҳақида хабар олиши мумкин. Огоҳлантиришда қурилмани ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ҳам берилган. Шунингдек, хабар электрон почта орқали юборилади ва фойдаланувчи Apple аккаунтига кирганида ҳам кўрсатилади.

Компаниянинг таъкидлашича, бундай огоҳлантириш олингани қурилмага ҳужум муваффақиятли амалга оширилганини англатмайди. Бу Apple фойдаланувчини махсус нишонга олинган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи фаолликни аниқлаганини билдиради.

Apple огоҳлантириш олган фойдаланувчиларга Lockdown Mode функциясини ёқишни тавсия қилмоқда. У қурилмага йўналтирилган юқори даражадаги ҳужумлардан ҳимояни кучайтиришга мўлжалланган. Компания мазкур режим ёқилган пайтда қурилма муваффақиятли бузилгани тасдиқланган ҳолатни қайд этмаганини билдирган.

Шунингдек, фойдаланувчиларга қурилмадаги эҳтимолий ҳужумни текшириш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш учун мутахассислар ҳамда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш тавсия этилган.

Apple жосуслик дастурлари бўйича таҳдид огоҳлантиришларини 2021 йилда йўлга қўйган. Компаниянинг навбатдаги огоҳлантиришлари мақсадли киберҳужумлар географияси кенгайиб бораётганини ҳам кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Мексико штати суди Meta компаниясини ўсмирларнинг руҳий саломатлигига зарар етказганликда айбдор деб топиб, 567 миллион доллар миқдорида товон пули тўлаш ҳамда Facebook ва Instagram платформаларида вояга етмаганлар хавфсизлигини кучайтириш тўғрисида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг