АПЛда ирқчилик учун жазони кескин кучайтирилди

Спорт

image

Англия футбол ассоциацияси (FA) янги мавсумдан бошлаб ирқчилик билан боғлиқ қоидабузарликлар учун камида 10 та ўйинга дисквалификация жазосини жорий этади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, янги мавсум арафасида FA футболчилар, мураббийлар ва ўйиннинг бошқа иштирокчилари томонидан содир этиладиган “оғирлаштирилган қоидабузарликлар” учун интизомий жазоларни кучайтирган.

Бундай қоидабузарликларга инсоннинг этник келиб чиқиши, тери ранги, ирқи, миллати, дини ёки эътиқоди, жинси ёки ногиронлигига бевосита ёки билвосита ишора қилувчи ҳаракатлар ва баёнотлар киради.

“Бундай жирканч хатти-ҳаракатларга қарши курашиш учун янада қатъий чоралар зарур. Шунинг учун янгиланган интизомий кўрсатмаларга мувофиқ, бундай ҳолатларда интизом комиссиялари камида 10 ўйинлик дисквалификация жазосини қўллаши шарт. Агар интизом комиссияси қоидабузарлик ўта оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган деб ҳисобласа, 10 ўйинлик дисквалификациядан ҳам оғирроқ жазо тайинланиши мумкин”, дейилади FA баёнотида.

Шунингдек, енгиллаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, дисквалификация муддати қисқартирилиши мумкинлиги, бироқ у ҳеч қачон олти ўйиндан кам бўлмаслиги таъкидланган. Такрорий қоидабузарликлар эса аввалгисига нисбатан янада қаттиқроқ жазоланади.

Маълумот учун, Англияда 2026-2027 йилги мавсум жорий йилнинг 16 август куни расман старт олади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг