“Ану бола нима дивотти?” Назарбековнинг биринчи ўринбосари энди иккита

Маданият-санъат

image

Маданият вазири Озодбек Назарбеков энди Ҳукуматда нафақат машҳурлиги, балки расман икки биринчи ўринбосарга эгалиги билан ажралиб туради. Боиси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозими иккита бўлиб қолди. 

Гап шундаки, бугун, 3 ноябрь куни Маданият вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов ҳамда Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида йиғилиш ўтказилган. Унда ташкилий масала кўрилиб, жамоага маданият вазирининг янги тайинланган ўринбосарлари таништирилди. Тўғрироғи, бир вақтнинг ўзида иккита биринчи ўринбосар таништирилган. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 сентябрдаги қарорига мувофиқ Баҳодир Мажидович Аҳмедов Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Гарчи тайинлов сентябрда амалга оширилган бўлса-да, вазирлик ходимлари адашиб кетмаслиги учун йиғилишда унинг ҳам қарийб бир ой аввал лавозимга тайинлангани такрор эълон қилиб ўтилган. 

У мазкур тайинловга қадар Маданият вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди. Энди унинг мақоми – биринчи ўринбосар. 

Лекин Аҳмедовнинг қувончи узоққа чўзилмади. Вазирнинг биринчи ўринбосари курсисини яна бир киши билан бўлишади – кассабоп хусусий фильмлар продюсери Авазхон Тожихонов.

У Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 октябрдаги қарорига асосан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди (!).

Тайинловга қадар Тожихонов Адлия вазирлиги “Конвенцион марказ мажмуаси дирекцияси” ДУК директори лавозимида фаолият юритган. 

Шунингдек, йиғилишда яна эсдан чиқиб қолмасин деб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 сентябрдаги қарорига мувофиқ Юсуфжон Усмонов Маданият вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланган. 

Мазкур тайинловга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Иқтисодиёт, давлат инвестиция дастурлари ва жамоат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш харажатларини аудит қилиш шўъбаси бош инспектори лавозимида фаолият юритган. 

Йиғилишда сўз олганлар янги тайинланган вазир ўринбосарларига масъулиятли фаолиятларида улкан муваффақият тилагани айтилмоқда. 

Шу ўринда савол туғилади: Маданият вазирининг икки биринчи ўринбосарига битта хизмат автомобили хизмат қилиб, битта хонада ўтирадими? Ойлик-чи? Ойликни бўлишиб олишармикин? 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳодир Аҳмедов Аваз Тожихонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг