Аномал иссиқда нималар қилиш керак?

Саломатлик 8502
image

Ёз фаслида одамлар иссиқ, қуруқ ва қуёшли об-ҳаводан паноҳ излаб қолади. Қишлоқларда яшовчилар иссиқдан дарахтлар соясида, уйларида ёки сув ҳавзалари ёнида жон сақлашлари мумкин. Аммо бундай пайтда шаҳар аҳолиси анча қийналиб қолади, чунки шаҳарларда транспорт кўп ҳаракатланади, ишлаб чиқариш ривожланган. Шуни билиб қўйингки, аномал иссиқ инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. 

Кучли терлаш туфайли организмдаги сув ва туз мувозанати бузилади, натижада мушак ҳужайраларининг озиқланиши ва организмнинг фаолияти ёмонлашади ҳамда юрак-қон томир хуружи ҳолати ортади. Бундай ҳолатларда одам ўзини эҳтиёт қилиши зарур. Агар иссиқ об-ҳаво сизга таъсир қилиб улгурган бўлса, ҳарорат кўтарилиши, пульс тезлашиши, бош айланиши ва кўнгил айниши ҳолатлари пайдо бўлади. 

Иссиқда сувсизланишни олдини олиш учун кўпроқ тоза сув ичиш керак. Куннинг энг иссиқ вақтида кўп суюқлик ичмаслик мақсадга мувофиқ, сувнинг асосий қисмини кечқурун ва эрталаб ичиш яхшироқдир. Чунки бу вақтда организм тўқималарда намликни сақлаш қобилиятига эга бўлади. Иссиқ ҳавода эса озроқ сув ичиб, музқаймоқ ёки сабзавот ва мевалар (помидор, тарвуз, бодринг ва ҳ.к) истеъмол қилиш фойдали. 

Иссиқ кунларда оддий сув ичиш етарли эмас, таркибида калий, кальций ва магний бўлган минерал сувдан фойдаланиш яхшироқдир. Газли ичимликлар ва лимонадлардан эса воз кечиш лозим. Улар иссиқда ёқимли туюлгани билан, буйрак ва жигарни ишдан чиқариши мумкин. Чунки иссиқ об-ҳаво пайтида буйраклардаги юк кескин ошади. 

Барча органларнинг нормал ишлаши учун ётишдан олдин оғир овқатлар истеъмолидан воз кечиш керак бўлади, чунки уни ҳазм қилиш орқали тана ҳароратининг ошиши ва кўп терлаш кузатилиши мумкин. 

Аномал иссиқда кунига 5 маҳал оз-оздан овқатланиш керак. Овқатлангандан сўнг, 30 дақиқа давомида сув ичиш мумкин эмас. Шунингдек, иссиқ овқатлар ўрнига совуқ овқатлар истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ, масалан, окрошка ва совуқ сабзавотли шўрвалар. 

Аномал иссиқда совуқ сувга шўнғиш тавсия этилмайди. Тана ҳароратининг кескин пасайиши юрак-қон томирлари спазмини келтириб чиқариши мумкин. Иссиқда илиқ душ қабул қилиш яхшидир, чунки ундан кейин ҳаво ҳарорати мавжуд бўлганидан пастроқ кўринади.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 277
Рейтинг: 3
t
×