Ўзбекистонда аномал иссиқ ҳаво ортидан рекорд ўрнатилди

Бу қизиқ

image

Жорий йилнинг июль ойи ўрталарида Ўзбекистонда кузатилган экстремал иссиқ ҳаво оқибатида республиканинг қатор ҳудудларида янги ҳарорат рекордлари қайд этилди. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Қайд этилишича, ҳаво ҳарорати босқичма-босқич кўтарилиб, республиканинг аксарият ҳудудларида энг юқори кўрсаткич жорий йилнинг 18–19 июль кунларига, шимоли-ғарбий ҳудудларда эса 16–18 июль кунларига тўғри келган.

Мазкур даврда республиканинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати 43–45 даража, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 46–49 даражагача кўтарилган.

Ўзгидрометга кўра, кузатилган ҳароратлар Ўзбекистон ҳудудида метеорологик кузатувлар олиб борилган давр мобайнида қайд этилган мутлақ максимум кўрсаткичларга жуда яқинлашган. Айрим ҳудудларда эса янги ҳарорат рекордлари ўрнатилган.

Жумладан, Нурафшонда ҳаво ҳарорати 44 даражани ташкил этиб, 1983 йилда қайд этилган 42,7 даражалик рекорд янгиланган. Бухорода 46,9 даража (аввалги рекорд — 46,2 даража, 2005 йил), Навоийда 46,5 даража (45,9 даража, 2021 йил), Самарқандда 43,6 даража (42,4 даража, 1983 йил), Арнасойда 46,5 даража (44 даража, 2021 йил), Шаҳрисабзда 44,9 даража (44,6 даража, 2021 йил), Сариосиёда 43,8 даража (43,2 даража, 2021 йил) қайд этилган.

Шунингдек, Андижонда 43 даража, Наманганда 44,2 даража, Попда 43 даража, Фарғонада 43,9 даража, Қувада эса 42,5 даража қайд этилиб, аввалги мутлақ максимумлар ортда қолдирилган.

Тошкент шаҳрида эса кеча, 19 июль куни ҳаво ҳарорати 44,3 даражани ташкил этган. Бу кўрсаткич пойтахтда 1997 йил 18 июль куни қайд этилган мутлақ максимумдан атиги 0,3 даража паст бўлган.

Бундан ташқари, Фарғона водийси вилоят марказларида максимал ҳарорат бўйича рекордлар ушбу даврда 2–3 марта янгилангани қайд этилган.

Мутахассислар ушбу экстремал иссиқни термик депрессия таъсири билан изоҳлаган. Унга кўра, Эрон ҳудуди устида юқори тропосферада кучли баланд босим тизмаси шаклланиб, унинг таркибидаги ниҳоятда иссиқ ҳаво массаси шимоли-шарқ томонга силжиган. Натижада Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида булутлилик кескин камайиб, қуёш радиацияси кучайган ва ер юзасининг қизиши ҳисобига ҳаво ҳарорати фавқулодда юқори қийматларга етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда бу ҳафта кундузи ҳаво ҳарорати 32–37 даражагача, айрим жойларда эса 30 даражагача тушиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг