Анқара мэри Имомўғлини “президент” деб атаб, намойишларга қўшилди
Олам
−
21 Март
11583Туркиянинг Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш Истанбулга бориб, қўлга олинган Экрем Имомўғлини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақдаги видеони у ўзининг Х саҳифасида эълон қилди.
Жорий йилнинг 19 март куни эрталаб бошланган махсус операция доирасида Истанбул ҳокими Экрем Имомўғли ва у билан бирга 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Шундан сўнг, Анқара шаҳар ҳокими Мансур Яваш Истанбулнинг Сарачане туманидаги муниципал марказда баёнот берди. У бу нутқини норозилик намойишларининг иккинчи куни давомида айтди.
“Биз бу мамлакатни ҳеч қачон назоратсиз қолдирмадик ва тарк этмаймиз. Ўз келажагини ва иродасини ҳимоя қилаётган барча фуқароларимизни ҳурмат билан қутлайман. Адолат ғалаба қилади, қонун ва демократия устун бўлади. Буни сиз билан бирга амалга оширамиз.
Биз бу ерда бутун Туркия бўлиб жам бўлдик. Биз бу ерда конституциямизни ҳимоя қилиш учун турибмиз. Миллий ироданинг устидан ҳеч ким юқори бўла олмайди. Биз бугун Экрем Имомўғли ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, журналист Исмоил Саймазнинг касбини давом эттиришини таъминлаш ва отатуркчилар ҳуқуқларининг бузилмаслиги учун бу ерга йиғилдик.
Биз мансаб учун курашмаяпмиз. Демократиямизни овозимиз билан ҳимоя қиламиз. Ҳақиқий адолат фақат мустақил ва холис суд тизими орқали бўлиши мумкин. Президентлик бошқарув тизими синовдан ўтказилди ва у ишламади. Биз ҳеч қачон умидсизликка тушмаймиз. Умидсизлик мағлубият демакдир. Президент Экрем бизга қўшилади. Ишонинг, турк миллати буни илгари ҳам амалга оширган”, деди Мансур Яваш намойишчилар олдида сўзга чиқиб.
У, шунингдек, мухолифат адолатсизлик қаршисида жим турган “тилсиз шайтонлар” қаторига кирмаслигини таъкидлади.
Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши
19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Улар Курд ҳарбий-сиёсий ташкилоти ПККга кўмаклашиш ҳамда бошқа ноқонуний ҳаракатларда айбланмоқда.
Мазкур воқеалар юзасидан Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч тегишли баёнотини эълон қилди. Унинг маълум қилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари доирасида 106 нафар гумонланувчига, жумладан, Истанбул шаҳар ҳокимига нисбатан бугун эрталаб ҳибсга олиш тўғрисида қарорлар чиқарилган. Билдирилишича, Истанбул Бош прокуратураси томонидан 2 та тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Истанбул Бош прокуратурасининг баёнотидан маълум бўлишича, тергов материаллари орасида MASAK (Молиявий жиноятларни тергов қилиш бошқармаси) ҳисоботлари, солиқ экспертизаси хулосалари, депозитлар ҳақида ҳисоботлар, гувоҳларнинг баёнотлари ва бошқа далиллар мавжуд.
Туркия Президенти девони Коммуникациялар бошқармаси раҳбари Фахриддин Алтун эса Экрем Имомўғли ҳибсга олингани ортидан давлат раҳбарига нисбатан туҳмат ва бўҳтонлар айтилаётганини билдирди. У суд органларининг мустақиллигига путур етказиш, шунингдек, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга дахл қилиш, мафкуравий туҳмат ҳаракатларига қарши эканини маълум қилган.
Истанбул шаҳри талабалари Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши намойишга чиқди. Туркиянинг асосий мухолифатдаги Жумҳурият халқ партияси (ЖХП) етакчиси Ўзғур Ўзел 86 миллионлик республика аҳолисини келаси якшанба, 23 март куни Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олинишига қарши кўчаларга чиқишга чақирди. ЖХП аъзолари ўзларининг партиядошларининг ҳибсга олинишига норозилик сифатида минбарга тўпланиб, парламент Бош ассамблеяси ишини тўсиб қўйишди.
LiveБарчаси