Андижондаги газ портлашидан кейин масжидларда назорат тадбирлари ўтказилмоқда
Жамият
−
05 Апрель
3705Жорий йилнинг 31 март куни Андижон вилоятидаги “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида содир бўлган газ портлаши ортидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси мамлакатдаги масжидларнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизимлари назоратдан ўтказилаётганини билдирди.
“Мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қилиши учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратиш учун режали ишлар доимий амалга ошириб келинади. Айниқса, байрам кунлари, катта жамоат йиғиладиган вақтларда масжид хонақоҳлари, қўшимча бинолари, таҳоратхоналари ва туташ бўлган иншоотларда ҳар жиҳатдан осойишталикни таъминлашга катта урғу қаратилади. Масалан, ўтган Рамазон ойи ва ҳайит куни диний идорада штаб тузилиб, масжидларда туну кун навбатчиликлар ташкил этилди. Натижада, улуғ айём кунларини тинч-осуда ўтишига эришилди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айни кунларда ҳам масжидларнинг техник ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлаш тизимларини навбатдаги назоратдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу тадбирларга маҳаллий ҳокимликлар вакиллари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бошқармалари каби ташкилотлар мутахассисларидан иборат ҳудудий ишчи гуруҳлари жалб этилган.
“Ўрганишлар давомида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган айрим масжидлардаги иссиқ сув ҳамда иссиқлик энергияси билан таъминлашдаги камчиликлар қисқа муддатларда бартараф этилиб, иссиқлик ва табиий газ таъминоти қайта тикланмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, идора фуқаролардан ҳам мана шундай профилактик тадбирларни тўғри тушуниб, олиб борилаётган ишларда ҳамжиҳат бўлишларини илтимос қилган.
“Зеро, мана шундай чора-тадбирлардан мақсад фуқароларимиз ибодат қилиши учун қулай ва хавфсиз шароитлар яратишдир”, дейилади идора хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 31 март куни соат 12:19 да “Мирзо Улуғбек” МФЙ ҳудудида жойлашган “Аҳмадали ҳожи” жоме масжидида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлгани ҳақида Андижон вилояти ФВБга хабар келиб тушганди. Зудлик билан айтилган манзилга 2 та қутқарув отряди ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган. ҳодиса содир бўлгани хабар қилинганида водийда бўлиб турган Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Ботир Қудратхўжаев Избоскан туманига етиб борганди. Кейинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳам воқеа жойига жўнаб кетди. Бахтсиз ҳодиса ортидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилди. Қолаверса, ушбу газ портлаши ортидан жиноят иши ҳам қўзғатилди. Портлашда бино ичида бўлган 10 нафар шахс турли даражада тан жароҳати олган ва 3 нафар шахс воқеа жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси
Тошкентда подстанция ёниб кетди.
11 Апрель