Андижонда пичоқлаб ўлдирилган марҳум инспектор мукофотланди
Жамият
−
08 Июль 10728 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 июль куни Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида профилактика инспектори чақирув вақтида пичоқланганди ва оқибатда вафот этганди. Марҳум профилактика инспектори катта лейтенант Абдурасул Абдувалиев Ўзбекистон Президентининг тегишли фармонига асосан “Жасорат” медали билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Президент фармонини вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди. Медаль марҳум ИИО ходимининг оила аъзоларига топширилди.
Маълумот учун, 1 июль куни соат 20:50 ларда Хўжаобод туманининг “Юксалиш” маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган. Ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант, марҳум Абдурасул Абдувалиев маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб борган.
Маълум бўлишича, 65 ёшли фуқаро Юнусали Тумарович Холбозоров маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Фуқарони зарарсизлантириш жараёнида Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, қочиб кетган.
Олган жароҳати оқибатида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан Абдувалиев шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Инспекторни пичоқлаган 65 ёшли фуқаро эса 4 июль куни қабристондаги маккапоя ичида қўлга олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида эркак жанжал оқибатида турмуш ўртоғини йўлнинг ўртасида қасддан ўлдириб кетганди. Олиб борилган тадбирлар жараёнида гумонланувчи А.Д. Андижон вилояти Олтинкўл тумани Кўмакай маҳалласи ҳудудида тунги хизматга жалб қилинган ходимлар томонидан аниқланиб, қўлга олинган. Ҳозирда гумонланувчи процессуал тартибда қамоққа олинган бўлиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари давом этмоқда.
Live
Барчаси