Андижонда куёв тўй кортежи сабабли 27 млн сўм жаримага тортилди
3-саҳифа
−
07 Январь
7749Андижон вилояти Балиқчи туманида 22 ёшли куёв тўй кортежи сабабли 27 млн 200 мин сўм жаримага тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси хабар берди.
Қайд этилишича, Балиқчи туманида яшовчи 22 ёшли фуқаронинг тўйи муносабати билан тўй кортежи Балиқчи туман марказида гуруҳ бўлиб ҳаракатланган ва бу ҳолатни автомашинадан танасини чиқариб, видео тасвирга олиб кетаётган оператор автомашинаси вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан тўхтатилиб, қонуний чора кўрилиши билдирилган. Бироқ куёв ва унинг дўстлари бу ҳолатга қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини ўтаётган ходим билан жанжаллашиб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судида кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 27 млн 200 минг сўм миқдорида жарима жазоси қўлланган.
Билдрилишича, ҳозирда Мажбурий ижро бюроси Балиқчи туман бўлими ходимлари томонидан ижро ҳаракатлари олиб борилиб, куёвдан 27 млн 200 минг сўм миқдоридаги жарима пуллари ундирилиши таъминланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги мактаб ҳудудида автомобилда гуруҳ бўлиб ҳаракатланган ҳайдовчилар жазоланган эди. Белгиланган тартибда йўл ҳаракати қоидаларини четлаб ўтган ушбу ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-5 (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) моддаси 2-қисмига кўра, маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Транспорт воситалари вақтинча ушлаб туриши учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
LiveБарчаси