“Андижон полькаси” тадбирига кетаётган ўқувчилар ЙТҲга учради. Қурбон бор
Crime
−
25 June 56273 2 minutes
Жорий йилнинг 23 июнь куни Андижон вилоятида “Андижон полькаси” тадбирига кетаётган бир гуруҳ ўқувчилар йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда 1 нафар ўқувчи вафот этди, қолганлари шифохонада. Ушбу ҳолат юзасидан вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, 23 июнь куни соат 12:30 ларда, Асака тумани “Дастурхончи” МФЙ ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятига молик А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 325-километрида 1987 йилда туғилган ҳайдовчи Т.Х. ўзига тегишли бўлган бошқарувидаги Damas русумли автомобилини бошқариб кетаётиб, светафор билан тартибга солинган чорраҳадан ўтаётганда чап томонга қайрилган. Шу вақтда қарама-қарши йўналишда ўз йўлида ҳаракатланиб келаётган “Зил-138” русумли юк автомобилини ўтказиб юбормасдан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Ушбу ЙТҲ оқибатида Damas автомобилида бўлган йўловчи 2011 йилда туғилган Н.Ф. олган тан жароҳатлари билан шифохонага олиб борилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган барча тиббий муолажаларга қарамасдан, у вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳодиса кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди.
“Бутун бошли битта бола шу ҳокимликни-ю Маданият вазирлигини рекордини деб ўлиб кетаверадими? 45 градус иссиқда бола бечораларни тикка қилиб, рекордга кирдим деб кайф қилганлар жавоб берадими йўқми?” дея савол қўйган педагог ва жамоатчилик фаоли Исроил Тиллабоев.
Бундан ташқари, иқтисодчи Отабек Бакиров Маданият вазирлигини танқид остига олган.
“Озодбек Назарбеков қўшиқ айтаяпти. Буёқда болалар ўлган ва жароҳатланган – хабар йўқ, таассуф йўқ, таъзия йўқ. Бу ёқда Озодбек Назарбеков қўшиқ айтаяпти, Катта концерт. Мушакбозлик. Давом этаверинглар”, дея ёзган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон шаҳридаги “Бобур арена” стадионида 20 минг нафар иштирокчи бир вақтнинг ўзида “Андижон полькаси”га рақсга тушгани ва Гиннесснинг рекордлар китобига киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Қайд этиш жоиз, “Андижон полькаси” бундан олдин ҳам муҳокама марказига тушганди. Ўшанда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов “ўзини андижонликман деб билган” ҳаммага полькага ўйнашни буюрганди.
Live
All