“Андижон” бугун Осиё Чемпионлар лигаси 2 да юришини бошлайди
Спорт
−
17 Сентябрь 4576 2 дақиқа
Бугун, 17 сентябрь куни “Андижон” клуби ОФК Чемпионлар лигаси 2 мусобақасидаги юришини бошлайди. Амалдаги Ўзбекистон кубоги соҳиби Туркманистоннинг “Арқадағ” жамоасига қарши ўйнайди.
ОФК Чемпионлар лигаси 2 да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қиладиган “бургутлар” ОФК томонидан ўтказиладиган ОФК Чақирув Лигаси ғолиби билан баҳс олиб боради. Ушбу баҳс Тошкент вақти билан 18:45 да Арқадағ шаҳрида жойлашган “Арқадағ” стадионида бўлиб ўтади.
Ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида “Андижон” бош мураббийи Максим Шацких ўз фикрларини билдирди.
“Биз Туркманистон миллий жамоасига қарши ўйнашимизни тушиниб турибмиз. Миллий жамоанинг 99 фоиз ўйинчилари “Арқадағ” жамоаси аъзолари саналади. Биз бу ўйинга жиддий тайёрландик. Аксига олиб, биз бу турнирда янгимиз. Ўйлайманки, эртага қизиқарли ва жиддий ўйин бўлади. Тезкор ва тартибли ўйин намойиш этамиз, деб умид қиламан. Асосийси – натижа. Биз бу ерга дуранг учун келганимиз йўқ, табиийки, ғалаба учун ўйнаймиз”, дейди “Андижон” жамоаси бош мураббийси Максим Шацких.
Учрашувни Сингапурлик Ахмад Ал Қашах бин Ахмад Ал Бадове бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Манож Калвани, Ашокраж Живараджалар ёрдам беради. Захира ҳаками ҳам Сингапурлик Леов Хонг Вей.
Маълумот учун, Андижон жамоаси гуруҳида Арқадағдан ташқари “Ал Аҳли” ва “Ал-Холидия” жамоалари ҳам ўрин олган.
“Андижон” жамоасининг ўйинлар тақвими:
- 1-тур – 17 сентябрь. “Аркадағ” – “Андижон”;
- 2-тур – 1 октябрь. “Андижон” – “Ал-Аҳли”;
- 3-тур – 22 октябрь. “Андижон” – “Ал-Холидия”;
- 4-тур – 5 ноябрь. “Ал-Холидия” – “Андижон”;
- 5-тур – 26 ноябрь. “Андижон” – “Аркадағ”;
- 6-тур – 24 декабрь. “Ал-Аҳли”- “Андижон”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қаршининг Насаф жамоаси ОФК Элит Чемпионлар лигасидаги юришини Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли ” жамоасига қарши 2:4 ҳисобидаги мағлубият билан бошлаган эди.