“Насаф” Элит Чемпионлар лигасини мағлубият билан бошлади
Спорт
−
16 Сентябрь 3084 2 дақиқа
Кеча, 15 сентябрь куни Саудия Арабистонининг “Подшоҳ Абдулла” стадионида мезбон “Аль-Ахли” ва Қаршининг “Насаф” жамоалари ўртасида Элит Чемпионлар Лигаси 1-туридан ўрин олган учрашув бўлиб ўтди. 1- бўлимда сўнг 2-0 ҳисобида ғалаба қозонаётган қаршиликлар ўйин якунида 2-4 ҳисобида аламли мағлубиятни қабул қилиб олди.
Қаршиликлар сафида икки голга ҳам Ҳусаин Норчаев муаллифлик қилган бўлса, мезбонлар таркибида Миллиот дубль қайд этди. Жиддаликларнинг учинчи голини эса Маҳрез киритди. Якуний голга Сулайман муаллифлик қилди.
Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган дақиқаларда “Насаф” футболчиси Алибек Давроновга учрашув бош ҳаками Ре Танимото томонидан қизил карточка кўрсатилди.
“Бугун юлдузли ва маҳоратли жамоага қарши майдонга тушдик. Чарчоқ аломатлари бўлгани туфайли хатоларга йўл қўйдик ва ташаббусни рақибга топширдик.
Биринчи голда хатога йўл қўйдик. Дарвозабонимиз олдинга чиқиши хато бўлди, лекин чиққанга яраша тўғри ўйнаши керак эди. У тўпни нотўғри қабул қилди. Биринчи голдан сўнг рақиб уйғонди ва ташаббусни қўлига олди. Иккинчи голни ўтказганимиздан сўнг чарчоқ аломатлари яққол сезилди ва кўп вазиятларга имкон бера бошладик. Мағлубиятимизнинг биринчи сабаби – хатоликлар. Чарчоқ ўйинимизга таъсир қилишини билар эдик. Йигитлар муносиб ҳаракат қилишди, аммо маҳорат бобида устунроқ бўлган жамоа ғалаба қозонди. Бугун 4 та гол ўтказдик, “Ал-Ахли”да юқори маҳоратга эга футболчилар йиғилган. ОФК Элит Чемпионлар лигасидаги жамоаларнинг савияси жуда юқори. Кучли жамоага мағлуб бўлдик”, дейди ўйиндан кейинги матбуот анжуманида Розиқул Бердиев.
Маълумот учун, “Насаф” ОФК Элите Чемпионлар лигасидаги навбатдаги учрашувни жорий йилнинг 29 сентябрь куни Қаршида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоасига қарши ўтказади.