Аманбай Оринбаев Сенат раиси ўринбосари бўлди
Жамият
−
13 Сентябрь 2022
5303Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Сенат раиси ўринбосари лавозимига сайланди. Бу ҳақда бугун, 13 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида қарор қабул қилинди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг 9 ва 15-моддаларига ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ Мурат Каллибекович Камалов Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари лавозимидан озод этилган.
Аманбай Тлеубаевич Оринбаев Олий Мажлис Сенати Раисининг ўринбосари этиб сайланган. Бу борада Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинган.
Аввалроқ Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон Республикасидан Сенат аъзоси этиб сайлангани ҳақида хабар берган эдик.
Маълумот учун, Аманбай Оринбаев жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Ички ишлар вазири лавозимига тайинланганди. Кейинроқ, 26 июлда у вазир лавозимидан озод этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Август ойида Жўқорғи Кенгесидаги бўш қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловда Аманбай Оринбаев парламент аъзоси этиб сайланди.
Кейинроқ, жорий йилнинг 26 август куни Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимини эгаллади.