Мирзиёев Аманбай Оринбаев номзодига розилик берди
Жамият
−
26 Август 2022
6822Аввал хабар берганимиздек, бугун, 26 август куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган 34-навбатдан ташқари сессиясида Аманбай Оринбаев номзоди Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев Аманбай Оринбаевнинг раҳбарлик қобилияти, ватанпарварлиги ва инсоний фазилатларини, шунингдек, ҳудудни ривожлантириш борасидаги таклифларини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди. Бу ҳақда Президент Матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикр билдирган.
Шундан сўнг, Жўқорғи Кенгес раисини сайлаш масаласи овозга қўйилган. Яширин овоз бериш йўли билан Аманбай Оринбаев бир овоздан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси лавозимига сайланган.
Президент Жўқорғи Кенгеснинг янги раисига мурожаат қилар экан, "Аманбай Оринбаев адолат, садоқат, ҳалоллик, масъулият, ташаббускорлик ва фидойиликни ўз фаолиятининг энг муҳим мезонлари сифатида белгилаб олиб, сайланган лавозимида Қорақалпоғистон аҳлига сидқидилдан хизмат қилиши ва ўзига билдирилган ишончни оқлаши лозим", деган.
Эслатиб ўтамиз, Жўқорғи Кенгеснинг навбатдан ташқари сессиясида парламент раиси Мурат Камалов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Аманбай Тлеубаевич Оринбаев номзоди кўрсатилди.
Маълумот учун, Мурат Камалов 2020 йилнинг октябридан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси лавозимида ишлаб келаётган эди.