Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига собиқ Ички ишлар вазири номзоди кўрсатилди
Жамият
−
26 Август 2022
7847Бироз аввал хабар берганимиздек, қарийб икки йилдан буён Қорақалпоғистонни бошқариб келаётган Жўқорғи Кенгес раиси Мурат Камалов Жўқорғи Кенгесининг бугун, 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтаётган навбатдан ташқари 34-сессиясида лавозимидан озод этилди.
Давлат раҳбарининг кириш сўзидан сўнг Оқсоқоллар кенгашининг қарорига мувофиқ Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига тавсия этилган Аманбай Тлеубаевич Оринбаевнинг номзодини кўриб чиқишга ўтилган.
Аманбай Оринбаевнинг номзодини кўриб чиқишдан аввал Президент номзоднинг ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари ва таклифларини тинглашни таклиф этган.
Номзод Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш, аграр соҳани ривожлантириш, саноат лойиҳаларини кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги мавжуд муаммоларни ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифларини баён этган. Президентдан бу режаларни тўлиқ амалга ошириш учун зарур бўлган ресурслар ажратилишида кўмак сўраган.
Маълумот учун, Аманбай Оринбаев жорий йилнинг март ойида Қорақалпоғистон Ички ишлар вазири лавозимига тайинланганди. Кейинроқ, 26 июлда у вазир лавозимидан озод этилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Август ойида Жўқорғи Кенгесидаги бўш қолган депутатлик ўринларига ўтказилган сайловда Аманбай Оринбаев парламент аъзоси этиб сайланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь